Ўзбекистон | 11:51 / 24.07.2023
22242
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта охирида барча ҳудудларга нисбатан салқин ҳаво кириб келади

Бошланган ҳафтанинг катта қисмида Ўзбекистон ҳудуди бўйича иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.

Фото: Kun.uz

“Ўзгидромет” хабарига кўра, кундуз кунлари ҳарорат +39...+42 даражага, жанубда ва чўл ҳудудларда, шунингдек 24-25 июль кунлари республика шимолида баъзи жойларда +43...+44 даражага етади.

27 июлда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига, 28 июлда республиканинг барча ҳудудларига Қозоғистон ҳудудларидан нисбатан салқин ҳаво кириб келади ва ҳарорат +35...+38 даражагача, жанубда +40...+42 даражагача бироз пасаяди. Бундай ҳарорат ҳафта охирида ҳам сақланиб туради.

Шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда шамол тезлиги 13-18 м/с гача, айрим жойларда 20-22 м/м гача кучайиши, чанг-тўзон кузатилиши мумкин.

Тоғли ҳудудларда 24 июлда куннинг иккинчи ярмида ва ҳафта охирида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Пойтахтда 24-27 июль кунлари ҳаво асосан кам булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан бироздан ўртача тезликкача эсади. Ҳарорат 24-27 июлда +39...+42 даража, 28 июлда +38...+40 даража бўлади.

Ушбу ҳафтада кунлар иссиқ бўлишига қарамай, ҳаво ҳарорати ўтган йилларда ўрнатилган рекорд кўрсаткичларга етиб бормайди. Республика ҳудудининг катта қисмида энг иссиқ июль ойларида максимал ҳаво ҳарорати +43...+46 даражани, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +47...+49 даражани ташкил этган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид