Душанба куни эрта тонгда Москвадаги иккита турар жой биносига иккита дрон келиб урилди. Бу бинолардан бири Россия мудофаа вазирлиги биносига жуда яқин жойлашган. Вазирлик эса дронларни йўналишдан оғдиришга муваффақ бўлинганини билдирган. Бу май ойи бошидан буён Москвага учинчи ҳужум бўлди. Бу сафаргиси Одесса бир ҳафта давомида ёппасига ўққа тутилиши ортидан рўй берди.

«Бугун эрталаб тахминан соат тўртлар атрофида иккита нотурар жой биносига  дронлар зарбалари қайд этилди. Жиддий вайронгарчиликлар ва жабрланганлар йўқ», — дея ёзган Москва мэри Сергей Собянин соат 4:50 да ўз телеграм-каналида.

Мэр «биноларга зарба бериш» иборасини қўллаган, бироз кейинроқ эса мудофаа вазирлиги украин дронлари «ҳалокатга учрагани»ни маълум қилди. Вазирлик уларнинг сони иккита бўлгани, иккиси ҳам радиоэлектрон кураш воситалари орқали «ишдан чиқарилгани»ни билдирди.

«24 июл куни эрталаб Киев режимининг иккита учувчисиз учар аппарат орқали Москва шаҳри ҳудудидаги объектлар бўйлаб террорчилик ҳужуми уюштиришга қаратилган уринишлари бартараф этилди. Радиоэлектрон кураш воситалари ёрдамида украинларнинг иккита дрони бостирилди ва ҳалокатга учради», — дея тасдиқлаган вазирлик. Зарбалар оқибатида жабрланганлар йўқлиги маълум қилинган.

Шу билан бирга, дронлар нима учун Москвага киришидан олдин эмас, фақат шаҳар ичкарисида йўналишдан оғдирилгани тушунарсиз қолган. Май ойи охири ва июл ойи бошида дронлар Россия пойтахтига кирмасдан уриб туширилганди.

Бу сафарги ҳужум оқибатида дрон келиб урилган бинолардан камида биттаси жиддий шикастланган — Лихачев проспектидаги кўп қаватли бизнес маркази биносининг иккита юқори қавати. Комсомольский проспектидаги шикастланиш даражаси эса арзимас даражада экани маълум бўлди.

Дрон келиб урилиши оқибатида Лихачев проспектидаги бизнес марказининг кўп қаватли биноси фасади вайрон бўлган. Фото: TASS

Телеграм-каналларда Москва осмонида шовқин кўтариб парвоз қилаётган дронлар, шунингдек шаҳардаги кўп қаватли бинолар устида кўтарилган тутун акс этган видеолар эълон қилинган.

Икки манзил

Дронлардан бири Москванинг Лихачев шоҳкўчасидаги бизнес марказ биносига урилган — фотоларга кўра, бино ҳали фойдаланишга топширилмаган. ТАСС агентлиги фавқулодда хизматларга таянган ҳолда хабар беришича,  портлаш натижасида бу бинонинг 17- ва 18-қаватларида 50 квадрат метр майдонда деразалар синиб тушган.