The Wall Street Journal: қурол етишмаслиги ва аскарлар етарлича тайёргарликка эга эмаслиги Украина қуролли кучларини боши берк кўчага киритиб қўйиши мумкин

2023 йил баҳорида Украина фронтда кенг кўламли қарши ҳужум бошлаганида ғарблик ҳарбийлар Украина қуролли кучлари Россия қўшинларини босиб олинган ҳудудлардан суриб чиқариш учун керакли даражада тайёргарликка ва қуроллар арсеналига эга эмаслигини билишарди. Аммо улар украинларнинг мардонаворлиги ва топқирлиги ғалаба қозониш имконини беришига умид қилишганди. 

Бу ишонч ўзини оқламади, деб ёзади The Wall Street Journal. Украина қуролли кучлари 2023 йилда кенг кўламли муваффақиятга эришиши эҳтимоли пасаймоқда ва Вашингтон ҳамда иттифоқчилар узоқ давом этадиган урушнинг хавотирли истиқболига дуч келишмоқда, бу эса навбатдаги замонавий қуролларни етказиб бериш ва украин ҳарбийларни қўшимча тайёрлашни талаб этади.

2024 йилда ҳам АҚШ президентлигига сайланиш ниятида бўлган Жо Байден маъмурияти қаршисида Киевга ёрдамни сайловолди кампаниясининг ички мақсадлари билан мувозанатлаштиришдек қийин вазифа турибди. The Wall Street Journal нашри ёзишича, АҚШнинг бундай беқарорлиги Европа етакчиларининг ўзгараётган кайфияти билан тобора фарқланмоқда, европаликлар орасида қитъа хавфсизлиги учун Украинанинг тўлиқ ғалабаси зарур деган ишонч ортиб бормоқда. Шу билан бирга, Европа мамлакатларида бу ғалабани мустаҳкамлаш учун ресурслар етарли эмас. Ғарблик дипломатлар агар Вашингтоннинг қўллови сусайишини сезса, европалик етакчилар Киевни қўллаб-қувватлашни кучайтириши даргумон эканини айтмоқда.

Бир йил муқаддам Украина Россиянинг авиациядан фойдаланиш имкониятлари чекланган қуруқликдаги бесўнақай кучларига қарши юқори даражада мобил, марказлаштирилмаган мудофаадан муваффақият билан фойдаланганди. Ҳозир эса фронтдаги вазият кескин ўзгарган: Украина Россия қўшинларининг ойлар давомида қурилган кучли мудофаа позицияларига юриш қилмоқда. Ғарб ҳарбий доктринасига кўра, мустаҳкам позицияларида ўрнашган рақибга ҳужум қилиш учун сон жиҳатдан камида уч баробар кўпроқ кучларга эга бўлиш ҳамда ҳаво ва қуруқлик қўшинларининг яхши мувофиқлаштирилган комбинациясидан фойдаланиш керак. Ҳарбий таҳлилчи Франц-Стефан Гэди бунинг учун Украинага ресурслар етишмаслигини таъкидлайди.

Бундан ташқари, Украина қуролли кучлари осмонда устунликка эга эмас, бусиз эса мураккаб ҳужум амалиётлари ўтказиш имконсиз. Ҳарбий экспертлар айтишича, ғарбдаги армияларнинг ҳеч бири рақибнинг мустаҳкамланган мудофаасига ҳаводаги устунликни таъминламасдан ҳужум қилмайди. Киевда Американинг Patriot батареялари ёки немисларнинг Gepard каби тизимлари фронт чизиғига яқин жойлаштириш учун етарли эмас. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етишмаслиги Россия фронт чизиғининг катта қисмида ҳавода устунлик қилишига имкон беради.