10:27 / 25.07.2023
5882

Шимолий Корея яна Япон денгизига баллистик ракеталар учирди

КХДР томонидан учирилган иккита баллистик ракета тахминан 400 км масофани босиб ўтиб, денгизга қулаган, деб хабар берди Жанубий Корея ҳарбийлари.

Фото: NDTV

Пхенян Япон денгизига баллистик ракеталар учиришни давом эттирмоқда, бу АҚШ сувости кемаси Жанубий Кореянинг Пусандаги ҳарбий базасига яқинда келганидан кейин тез-тез кузатилмоқда. 24 июль, душанба куни кечқурун КХДР томонидан Япон денгизи томон иккита ракета учирилди, деб хабар бермоқда Жанубий Кореянинг Yonhap агентлиги мамлакат Мудофаа вазирлигига таяниб.

Сеул маълумотларига кўра, учирилган ракеталар денгизга тушишдан олдин тахминан 400 км масофани босиб ўтган. КХДРдан снарядларнинг учирилиши сўнгги етти кун ичида камида учинчиси бўлди – Пхенян шу кунларда Япон денгизи томон баллистик ракеталарни ҳам, қанотли ракеталарни ҳам қарама-қарши йўналишда, Сариқ денгизга қараб учирмоқда. 

18 июль куни Жанубий Корея ва АҚШ Сеулда ядро масалалари бўйича қўшма маслаҳат гуруҳининг биринчи йиғилишини ўтказди. Шу билан бирга, 1981 йилдан бери биринчи марта Американинг ядровий сув ости кемаси - USS Kentucky Жанубий Кореяга етиб келди. 

Шимолий Корея мудофаа вазири Кан Соон Намнинг айтишича, сувости кемасининг Жанубий Корея Пусан портига келиши «КХДР ядровий кучлари тўғрисидаги қонунда белгиланган ядро қуролидан фойдаланиш шартларига тегишли бўлиши мумкин». 

Шимолий Корея ва Қўшма Штатлар ўртасидаги муносабатлар АҚШ ҳарбийларидан бири демилитаризация зонасига ташрифи чоғида, Пентагон маълумотларига кўра,  «атайлаб ва рухсатсиз» Жанубий ва Шимолий Корея ўртасидаги демаркация чизиғини кесиб ўтганидан сўнг ёмонлашган. Шундан сўнг, 23 ёшли иккинчи даражали оддий аскар Тревис Кинг Шимолий Корея расмийлари томонидан ҳибсга олингани айтилмоқда. Шу билан бирга, Пхенян Вашингтоннинг аскар тақдири ҳақидаги сўровларига жавоб бермади. 

Top