Лионел Мессининг Америкадаги премьераси кутилганидан ортиқ даражада бўлганди. Ақл бовар қилмас ажиотаж, MLS жамоалари иштирокидаги ўйинлар учун рекорд даражадаги 12,5 миллион томошабиндан иборат телевизион аудитория ва — торт устидаги гилос — арбитр томонидан қўшиб берилган дақиқаларда жарима зарбасидан урилган ажойиб ғалаба голи.

«Тўғрисини айтсам, жарима зарбаси белгиланганини кўрган заҳотим, ўйладим: бу шундай тугаши керак эди», — дея тан олди сеҳрли якун ва бир ярим ойдаги илк ғалабадан кейин «Интер Майами» хўжайинларидан бири Дэвид Бекҳэм.

«Бу биз аввал ҳам кўрган филм. Биласизми, унинг учун бу оддий иш. Мутлақо нормал кўринади, аммо бундай эмас... Биз барча даврларнинг энг буюги ҳақида гапиряпмиз», — дея қўшимча қилди «қарқаралар» жамоаси бош мураббийи Херардо Мартино.

Бундан ташқари, «Барселона»да ҳам, Аргентина миллий жамоасида ҳам Месси билан бирга ишлаган 60 ёшли мутахассис Лео жамоадошларига майдонда ҳам, машғулотларда ҳам йўл-йўриқ кўрсатаётганини айтиб берди. Ўз-ўзидан, сардорлик боғичи ҳам аргентиналик футболчига тегди. У бу боғични АҚШ миллий жамоаси ҳимоячиси Йедлиндан қабул қилиб олди, жамоанинг бунгача асосий сардори бўлган Грегоре эса март ойида оғир жароҳат олган ва олти ой муддатга сафдан чиққанди.

Лекин булар ҳакамнинг ўйин бошланиши ҳақидаги ҳуштаги янграшидан анча олдинроқ, сеҳргарнинг навбатдаги сеанси бошланишини кутиш жараёнидаёқ эсдан чиқадиган майда деталлар. Мухлислар навбатдаги ўйинга пухта тайёргарлик кўришди. Плакатлар, баннерлар, футболчининг бўй-басти тўлиқ акс этган фигуралар — ҳамма ёқда Месси эди. Трибуналарнинг ҳар бир секторида Аргентина миллий жамоаси футболкасини кийган инсонларни учратиш мумкин эди. Уларнинг ҳафсаласини пир қилиб бўладими?!

Бунинг жавоби аён, лекин «қарқаралар»нинг ҳимоядаги муаммолари ҳеч қаерга йўқолмаганди ва «Атланта» ўйинни мезбонларга хос тарзда бошлади. Фақат энди MLS чемпионатининг ҳар бир жамоаси «Интер» билан ўйинларда бир кўзи ўз дарвозасида бўлиб ўйнаши керак, чунки — рақиб ўйинни назорат қилаётгандек бўлса-да, Месси барибир нимадир ўйлаб топади. Ва жамоада бу иш билан шуғулланувчи Леонинг ёлғиз ўзи эмас. Бускетс ҳам Америкада қирол бўлади, унинг қадрдон дўсти билан телепатик алоқаси эса — деярли уриб бўлмас кузирдир.

Лекин Серхио ҳам мукаммал эмас ва унинг жарима майдони яқинидаги хатоси аргентиналик яримҳимоячи Алмаданинг голига айланишига бир бахя қолди. Аммо буюк усталарнинг ҳам баъзида бўшашишга ҳаққи бор. Қолаверса, ўйин масаласи аллақачон ҳал бўлганида. Айнан Бускетснинг ҳимоячилар ортига ташлаб берган тўпини дарвозага йўллаш билан Месси ўйин масаласини ҳал қилишни бошлаганди. Аммо барча ишни «Барселона»нинг ушбу икки собиқ футболчиси бажарди дейиш, адолатдан эмас.