Жаҳон | 10:46 / 27.07.2023
6704
2 дақиқада ўқилади

Молдова Россия элчихонасининг 45 ходимини чиқариб юборяпти

Россия дипломатлари сонининг қисқаришига Молдовани беқарорлаштиришга уринишлар сабаб бўлди, деди мамлакат ташқи ишлар вазири Нику Попеску. Аввалроқ ОАВ Россия элчихонаси томидаги жосуслик тизимлари ҳақида хабар берган эди.

Молдовадаги Россия элчихонаси / Фото: Valery Sharifulin / TASS

Молдова Республикаси «кўп сонли душманлик ҳаракатлари туфайли» 45 нафар россиялик дипломат ва элчихона ходимларини мамлакатдан чиқариб юборишини эълон қилди. 26 июль, чоршанба куни Россия элчиси Молдова ТИВга чақирилди ва қарор ҳақида хабардор қилинди. Натижада, «мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга уринадиганлар камроқ бўлади», деди ташқи ишлар вазири Нику Попеску. Россия элчихонаси ходимлари 15 августгача Молдовани тарк этиши керак.

Аввалроқ шу куни эрталаб Молдова ҳукумати Россия элчихонаси ходимлари сонини қисқартириши маълум бўлган эди. Молдовадаги беқарорликка уринишлар муносабати билан шундай қарор қабул қилинди, деди ТИВ раҳбари Попеску чоршанба кунги ҳукумат йиғилишида. Унинг сўзларига кўра, бир неча йил давомида Молдова «Россиянинг душманлик ҳаракатлари объекти бўлиб келган, унинг муҳим қисми Россиянинг Кишинёвдаги элчихонаси орқали амалга оширилган». «Мен элчихона биносида антенналарнинг ҳаддан ташқари кўплиги ҳақида маълумот кўрдим. Дипломатик хизматлар яхши муносабатларга эътибор қаратиши муҳим, бироқ дипломатик ходимларнинг бир қисми мамлакатимизни беқарорлаштириш ҳаракатларига жўнатилган», - дея қўшимча қилди вазир.

Икки кун олдин Кишинёв марказида жойлашган Россия элчихонаси биноларида кўп сонли антенналарга ишора қилувчи журналистик суриштирув эълон қилинди. Jurnal TV ва рус тилидаги The Insider нашри хабарига кўра, Россия дипломатик миссияси томида жосуслик мақсадида фойдаланиладиган маълумотларни қабул қилиш учун мураккаб тизимлар ўрнатилган.

Материалда таъкидланишича, Кишинёвдаги Россия элчихонаси ва қўшни ходимлар яшайдиган бинонинг томида 28 та антенна, узатиш ва қабул қилиш мосламалари ўрнатилган. «Бу антенналар сони бўйича рекордчи бўлган Бельгиядаги Россия элчихонасиникидан анча кўпдир. «Досье» маркази таъкидлаганидек, у ерда 17 та, Кишинёвда эса бундан 11 тага кўп антенна ўрнатилган», — дейилади хабарда. 

Мавзуга оид