Нидерландия яқинида бортида 3 минг автомобил бўлган кема ёниб кетди
Шимолий денгизда нидерландларнинг Амеланд ороли яқинида юк кемаси ёниб кетди, унинг бортида 3 минг атрофида автомобиллар, жумладан электромобиллар бор эди. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга электромобиллардан бири аланга олиши сабаб бўлган, натижада экипаж аъзоларидан бири ҳалок бўлиб, 22 киши жабрланган.
Шимолий денгизда бир вақтнинг ўзида бир неча қутқарув ва буксир кемалари иштирокидаги амалиёт қизғин давом этмоқда, аммо мутахассислар юк кемасидаги ёнғин яна бир неча кун давом этишидан хавотирланмоқда.
Ёнаётган кема бортини совитиш учун буксирлардан сув сепилмоқда, аммо уни чўктириб юбормаслик учун бу иш ўта эҳтиёткорлик билан амалга оширилмоқда.
Экипаж аъзолари оловни мустақил ўчира олмаслиги аён бўлганидан кейин, улардан баъзилари 30 метр баландликдан сувга сакрашига тўғри келган.
«Улар бирин-кетин сувга сакрай бошлади, биз уларни тутиб олишимиз керак бўлди, — деган журналистларга Амеланд оролидан келган қутқарув кемаси капитани Уиллард Моленаар. — Улар иложсиз ҳолатда эди, сувга сакрашдан бошқа йўл йўқ эди».
Панама байроғи остида ҳаракатланувчи Freemantle Highway кемаси сешанба куни Германия шимолидаги Бремерҳафен портидан йўлга чиқиб, Мисрнинг Порт-Саид шаҳри томон суза бошлаганди.
Аммо тунда, Амеланд оролидан тахминан 30 км шимолда электромобиллардан бирининг батареяси аланга олган.
Ёнғин жуда тез тарқалган ва ҳалокатга учраган кемани гавжум кема йўлидан олиб кетиш учун буксир чақирилган.
Ҳозирда кема лангар ташлаб турибди, аммо Нидерландия соҳил қўриқлаш хизмати у қийшайиб ва чўкиб кетишидан хавотирланмоқда, шу туфайли ундаги оловни ўчириш билан бир вақтда уни сув юзасида ушлаб қолиш чоралари кўрилмоқда.
Ўтган йили ҳам Азор ороллари ҳудудида 4 минг дона люкс тоифасидаги автомобилларни ташиб кетаётган Felicity Ace кемасида ёнғинн чиққанди.
Ўшанда ҳам машиналардан бирининг литий батареяси оловланганди, бу эса электромобилларни ташиш хавфи юқори эканидан далолат беради.
Ўшанда ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлинган, аммо кема барибир шатакка олиб тортиб кетиш вақтида чўкиб кетганди.
Мавзуга оид
22:02 / 21.11.2024
Ўзбекистоннинг Белгиядаги элчиси Ғайрат Фозилов Нидерландияда ҳам элчи этиб тайинланди
13:55 / 18.11.2024
Нидерландияда ўзбекистонлик мутахассислар учун малака ошириш курслари ташкил этилади
16:38 / 12.11.2024
Амстердамдаги можаро: аслида нималар бўлди?
00:11 / 12.11.2024