Ўзбекистон | 09:10 / 30.07.2023
18297
5 дақиқада ўқилади

Қазиб ташланган Тошкент, илдизидан чопилган дарахтлар – пойтахтнинг бу ҳолати қачон ўнгланади?

Ўтган қишда пойтахт Тошкентдаги электр узатиш билан боғлиқ муаммолар ортидан шаҳарни узлуксиз электр билан таъминлаш масаласи юзага чиқди. Шундан сўнг бир неча ойки, Тошкентнинг исталган қисмида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан электр кабеллари ётқизиш учун кўчалар қазилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Kun.uz’гa келган мурожаатда Яшнобод туманидаги 2 ойдан бери секинлашиб қолган худди шундай қазиш ишлари натижасида ҳудуддаги дарахт илдизларига зиён етказилаётганидан хавотир билдирилган.

Илдизлар чопилган, ишлар тўхтаб қолган

Яшнобод туманининг Элбек кўчасига етиб борганимизда ҳақиқатан ҳам 1 кмга яқин ҳудуд электр кабеллари ётқизиш учун қазилгани, чуқурларда махсус ҳимоя бетонлари ўрнатилгани, аммо иш куни, эрталабки соат 11 лар атрофи бўлишига қарамасдан, бу ерда ҳеч қандай иш олиб борилмаётганига гувоҳ бўлдик.

Мурожаатда айтилганидек, ўнлаб дарахтларнинг илдизларига зиён ҳам етган. Масала эса бу зиённинг дарахтлар келажаги учун қанчалик хавфли эканлигида.

Эътироз ва муносабат

Баҳорда бошланган ишлар, мана ёз келибдики, тугагани йўқ. Қазиб ташланган жойлар шу аҳволда ётибди. Одамлар чуқурга чиқинди ҳам ташлашмоқда. Олдин дарахтлар тагига сув қуйиб кетишарди. Ҳозир бу ерлар ковланганига ташландиқ бўлиб қолиб, дарахтларимиз қуриб кетяпти”, дейди шу ерга яқин хонадонларда яшовчи онахон.

Бунга жавобан Яшнобод тумани Кўкаламзорлаштириш ва ирригация бўлими бошлиғи Баҳодир Умаров шундай деди:

—  Ҳар бир дарахт ниҳолларгача эътиборимизда. Ковланган ҳудудда сув сепиш машинаси кириб бўлмайдиган жойларга ишчилармиз челаклаб сув ташиб, дарахтларни суғоришяпти. Дарахтларга ҳеч қандай хавф йўқ. Агар бўлганда 2 ой эмас, бир ҳафтага бормасдан дарахтлар қуриб қолган бўларди.

Яшнобод тумани Экология бўлими инспектори Иззатилла Қодиров ҳам ҳудудга етиб келиб, дарахтларнинг ҳолати ҳақида маълумот берди:

Ҳозир иссиқ бўлгани учун дарахтлар тагига сув қўйилгани билан 1-2 соатда ердаги нам қочади. Шунга кўпчилик суғорилмаган деб ўйлайди. Ундай эмас, бу жойлар раҳбарият томонидан қаттиқ назоратга олинган. Асос илдизларга зарар етган бўлиши мумкин. Дарахт навига ҳам боғлиқ, бу дарахтлар чидамли. Улар қуриб қолмайди. Шу ўринда аҳолидан бу ҳолатни тўғри тушунишларини сўраймиз. Бу ишлар беҳудага кетаётгани йўқ, Тошкент шаҳар аҳолисини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсад қилинган”, дейди у.

Шунингдек, экология масъулининг қўшимча қилишича, ҳудудга кабеллар ётқизиш режаси дарахтлар жойлашувига қараб ишлаб чиқилган. Шу сабабли чуқурлардаги ҳимоя бетонлари ҳам тўғри чизиқ эмас, “илон изи” шаклида ётқизилган.

Тўхтаб қолган ишларни якунига етказиш муҳлатлари

Мутасаддилардан 2 ойда қуримаган дарахтлар келажакда ҳам қуритиб қўйилмаслиги ваъдасини олдик. Бундан хотиржам ҳам бўлдик, дейлик. Лекин ўлда-жўлда ташлаб кетилгандек кўринаётган бу ишлар қачон якунига етади-ю, қазиб ташланган ҳудудларни яна ким обод қилади? Шу каби саволларимизга эса “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти матбуот хизмати раҳбари Фахриддин Нуралиевдан жавоб олдик.

Нуралиевнинг маълум қилишича, пойтахт бўйлаб электр кабелларини ётқизиш ишлари президентнинг 91-сонли қарори асосида амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳрининг катта қисмида кабеллар ётқизилиб, чуқурлар қайта тўлдирилган. Айни пайтда ишлари тўхтаб қолган Элбек кўчасидаги мазкур ҳудудда ҳам 1 ой ичида ишлар якунланиши кутилмоқда.

Kun.uz’да бироз аввал ёритилган яна бир шундай ҳолат – Тошкент шаҳрининг Бешёғоч кўчасидаги қазиш ишлари эса жорий июль ойининг охирига қадар якунланиши маълум қилинди.

Қазиб ташланган шаҳарни қайта обод қилиш кимнинг зиммасида?

Шу билан бирга, қазилиб қайта ёпилган ҳудудлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бош бошқармаси, туман ҳокимликлари ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда ободонлаштирилиб, таъмирланиши қўшимча қилинди.

Биз узлуксиз электр таъминотига ҳеч қандай истисноларсиз муҳтожмиз. Лекин бу экологик йўқотишлар эвазига бўлмаслиги лозим. Жараёнларни диққат билан кузатишда давом этамиз.

Сардорбек Усмоний

Сардор Раҳмонқулов
Тайёрлаган Сардор Раҳмонқулов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид