Жаҳон | 14:24 / 31.07.2023
9864
2 дақиқада ўқилади

Пригожин: «Вагнер» ёлланма аскарларни қабул қилишни тўхтатди

Фото: РИА Новости

Евгений Пригожиннинг сўзларига кўра, унинг компаниясида ҳали кадрлар етишмовчилиги сезилмаяпти. «Вагнер» Африка ва Беларусдаги тайёргарлик марказларида ишлашда давом этмоқда, деди у. 

Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси номаълум муддатга ёлланма аскарларни қабул қилишни тўхтатди, деди ХҲК асосчиси Евгений Пригожин. «Кадрлар танқислигига дуч келмагунимизча, янги қабулни режалаштирмаяпмиз. Аммо ватан манфаатларини ҳимоя қила оладиган янги (қўшимча) «гуруҳ» тузиш зарурати юзага келса, биз, албатта, ёллашни бошлаймиз», деди Пригожин 31 июль, душанба куни Grey Zone Telegram-каналида эълон қилинган хабарида.

Пригожиннинг сўзларига кўра, ҳозирда ХҲК ўз фаолиятини фақат Африкада ва Беларусдаги тайёргарлик марказларида давом эттирмоқда, ёлланма аскарларнинг аксарияти таътилда, чунки «бундан олдин узоқ вақт жуда оғир иш бўлган». «Бугун биз ўзимизнинг навбатдаги вазифаларимизни белгилаяпмиз, уларнинг контури борган сари аниқроқ чизилмоқда. Албатта, булар Россиянинг буюклиги йўлида амалга ошириладиган вазифалардир», - деди у. 

Июль ойи бошида «Вагнер» ХҲК Украинадаги урушда вақтинча иштирок этмаслик ва Беларусга кўчиб ўтганлиги сабабли ёлланма аскарлар қабули бир ойга тўхтатилганини эълон қилди. 

Июнь ойининг охирида «Вагнер» ХҲК қуролли исёнидан сўнг, Евгений Пригожин Россия ва Беларус ҳукумати билан Беларусга «кетиши» ҳақида келишиб олди. ХҲК ёлланма аскарларига уйга қайтиш, Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаш ёки Пригожинга эргашиш таклиф қилинди.

Мавзуга оид