Жаҳон | 10:43 / 01.08.2023
5832
2 дақиқада ўқилади

Пекинда кучли ёмғирлар туфайли «қизил» огоҳлантириш даражаси эълон қилинди

Хитой пойтахтида мисли кўрилмаган ёғингарчилик туфайли транспорт алоқалари узилди, мактаблар ёпилди, қурилиш ишлари тўхтатилди. Расмийлар ўн минглаб одамларни эвакуация қилди. Ҳалок бўлганлар ҳақида хабар берилган.

Фото: CNS / AFP

Хитой пойтахти расмийлари Пекинда 31 июль, душанба куни содир бўлган кучли ёмғирлар фонида геологик офатлар ва метеорологик хавфлар бўйича энг юқори «қизил» огоҳлантириш даражасини эълон қилди. Сабаби, шаҳарнинг айрим ҳудудларида кичик дарёлар қирғоқларидан тошиб кетиши, кўчки, сел, тупроқ чўкиши хавфи кучайган.

Синоптиклар маълумотларига кўра, Пекинда шанбадан душанбагача ўртача 182 мм ёмғир ёғди. Пойтахт чеккасидаги Фангшанда жойлашган қишлоқлардан бирида 500,4 мм ёғингарчилик кузатилган. Пекинда «Доксури» тўфони Хитойга олиб келган кучли жала туфайли 31 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди. Икки киши ёмон об-ҳаво оқибатлари қурбонига айланган.

Хитой пойтахтида 4000 дан ортиқ қурилиш объектларида ишлар тўхтатилди, мактаблар ёпилди. Душанба куни эрталаб Пекин аэропортлари 180 дан ортиқ рейсларни бекор қилди. Пойтахтнинг 350 дан ортиқ йўналишларида ҳаракат тўхтатилди, 275 та автобус йўналиши узилишлар билан ишламоқда, шаҳар атрофидаги бир қанча ҳудудларда поездлар ҳаракати тўхтатилди. Шаҳарнинг айрим ҳудудларида метро ишламаётгани ҳақида хабар берилган. 

Дам олиш кунлари жанубий Фуцзян провинциясида ёмғирлар туфайли юз минглаб одамлар эвакуация қилинди. Хэбей, Тянцзин ва шарқий Шанси провинцияларида ҳам кучли жала ёғишда давом этмоқда. Айни пайтда метеорологлар шу ҳафта Хитойни қамраб оладиган янги «Ханун» тўфони яқинлашаётганидан огоҳлантирмоқда. 

Мавзуга оид