14:30 / 02.08.2023
8289

Молдова пойтахтида Mercedes Россия элчихонаси дарвозасига бориб урилди

Ҳайдовчи Россия дипломатик миссияси дарвозасига бориб урилган ва қочишга уринган. Полиция жиноятчини қўлга олиш учун куч ишлатишга мажбур бўлди. 

Россия элчихонаси

Молдова пойтахти Кишинёвда Mercedes русумли автомашина ҳайдовчиси Россия элчихонаси дарвозасига келиб урилди, шундан сўнг у қочишга уринди, бироқ таъқибга учраганидан сўнг полиция томонидан қўлга олинди, деб хабар берди Молдова Ички ишлар вазирлиги чоршанба, 2 август. 

Хабарда айтилишича, полиция ҳуқуқбузарнинг машинасини Страшени шаҳрига кетаётганда аниқлаган. Полиция автомобилни тўхтатишни бир неча бор талаб қилишига қарамай, ҳайдовчи ҳаракатни давом эттириб, йўлда яна иккита машинани уриб кетди. Якунда полиция Страшени туманида машинани мажбуран тўхтатди. Полиция ҳеч ким жабрланмаганини маълум қилмоқда. 

Россиянинг Кишинёвдаги элчихонаси ҳозирча воқеа юзасидан изоҳ бермади. Бир неча кун олдин россиялик журналист ва фаол Аркадий Бабченко Таллиндаги Россия элчихонаси биносига полиция кўз ўнгида тухум улоқтирган, шундан сўнг қўлга олинган эди. 

Молдова ҳукумати февраль ойида мамлакатда давлат тўнтаришига тайёргарлик кўрилаётгани, ҳарбий тайёргарликдан ўтган диверсантлар тез орада ҳукумат биноларига ҳужум қилиб, асирларни гаровга олиши мумкинлигини айтган эди. Украина президенти Володимир Зеленский Украина разведкаси «Россиянинг Молдовадаги сиёсий вазиятни йўқ қилиш режасини» тўхтатганини айтди. Шундан сўнг мамлакатда митинглар бўлиб ўтди, аммо вазият кескинлашмади. 

Июль ойида Молдова ҳукумати Россия Федерациясининг «кўплаб нодўстона ҳаракатлари»га жавобан Россиянинг Кишинёвдаги элчихонаси ходимларини ўн нафар дипломат ва 15 техник ходимга қисқартиришга қарор қилди. 

Top