Москва-ситига уч кун ичидаги иккинчи дрон ҳужуми — Россияга дрон зарбалари сериясидаги сўнгги ҳужум эмаслиги аниқ.

Бу амалиётларнинг барчаси битта вазифани бажаришга қаратилган: Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари қўмондонлиги Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини фронтдаги позициялардан чалғитишга ҳаракат қилмоқда. Украина бу стратегияни Россиядан «кўчирган» дейиш ҳам мумкин: россиялик ҳарбийлар украинларнинг ички ҳудудларига камикадзе дронлар билан ҳужум қилишни куздаёқ бошлаганди. Экспертлар ўшандаёқ дронлар (улар асосан электр нимстанцияларига ҳужум қилганди) Украина электр энергия таъминотини узоқ вақтга бузиш учун эмас, балки украинларнинг ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимларини ички ҳудудлардаги объектларни қўриқлаш учун жалб этиш ва танқис бўлган ўқ-дориларни учувчисиз учиш аппаратларига қарши қўллаш учун сарфлашга учирилаётганини айтишганди.

Украина дронлари эса Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини ўқ-дорилардан маҳрум қилиши даргумон, лекин бу орқали Украина ҚКнинг қарши ҳужуми вақтида фронтдаги ҳимоя қисмларини ўзига жалб қила олади.

Москвага қандай дронлар учиб келмоқда?

1 августга ўтар кечаси кичик миқдордаги портловчи модда ўрнатилган дрон Москва-Ситидаги бинонинг 21-қаватига келиб урилди. Шаҳар маъмурияти ва мудофаа вазирлиги бу дрон олдингилари каби ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари томонидан уриб туширилгани ва шундан кейин Москва-Ситига қулаганини билдирди. 30 июлга ўтар кечаси учиб келган дрон ҳам Ситидаги худди шу «ҳукумат» биносига қулаганди. Икки ҳолатда ҳам жабрланганлар бўлмаган.

Бунгача шундай хусусиятларга эга камикадзе дронлар Комсомолский проспекти ва Новая Москвадаги бинолардан бирига ҳужум қилганди. Май ойи охирида Москва шаҳри ва унинг чеккаларига камида бешта дрон ҳужум қилганди.

Ўша куни Москва ташқарисида олинган видеода катта эҳтимол билан «Бобер» дрони акс этган, бундай дронлар Украина мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармасига ҳам (дрон ҳужумлари айнан шу идора томонидан уюштирилмоқда деб ҳисобланади) етказиб берилади. Бу аппарат Украинанинг ўзида ишлаб чиқарилмоқда, аммо бу иш билан айнан қайси компания шуғулланаётгани — номаълум). Бундай дронлар бир неча кун олдин Краснодар ўлкасидаги нефтни қайта ишлаш заводига уюштирилган ҳужумда ҳам қўлланганди. Ой бошида, 3 май куни эса Кремлга украинлар томонидан ишлаб чиқарилаётган бошқа дронлар — UKRJET UJ-22 Airborne ҳужум қилганди. Шунингдек, Украина қуролли кучлари Россиянинг чегарадаги областларига зарбалар учун хитойликларнинг Mugin-5 дронларини қўлламоқда (ишлаб чиқарувчи компания бу дронларни ҳарбий мақсадларда ишлатишни тақиқлаганига қарамай).