Биз ҳозир ҳам миниб юрган айрим машиналаримизнинг яралиш тарихи ҳатто қарийб 40 йилгача боради. Агар “таги”ни суриштирсангиз, уларнинг келиб чиқиши ё олмон, ё италян, ёки япон автомоделларига бориб тақалади. Улар орасида келин-куёв машинаси бўлгани, аввалига тан олинмай, кейинчалик ҳаммага “кўрсатиб қўйгани”, ҳатто киноқаҳрамон бўлган автоуловларимиз ҳам бор. Kun.uz Ўзбекистонда “туғилмаган” ўзбек автомобиллари ҳақидаги маълумотларни саралади.
Nexia’нинг бош бўғини – Opel
90-йиллар фахри, тўйларда “келин-куёв кортежи”нинг энг обрўли машинаси бўлган ўзбек Nexia'си 1996-2016-йилларда Андижон вилоятининг Асака шаҳрида ишлаб чиқарилган. Аммо у Ўзбекистонда “туғилмаган”. Ўрта синф харидорларига мўлжалланган Daewoo Nexia биздан олдин немис концерни Opel томонидан ишлаб чиқилган ва кейинчалик Жанубий Кореянинг Daewoo компанияси томонидан янгиланган. Nexia 1986-1994-йилларда ишлаб чиқарилган Daewoo Racer’нинг модернизация қилинган версияси ва ўз навбатида 1984-1991-йилларда ишлаб чиқарилган Opel Kadett E’нинг клони эди.

Daewoo Nexia 1994 йилда Daewoo Racer модели модернизация қилингандан сўнг Жанубий Корея бозорида Daewoo Cielo номи билан танилган.

2008 йилга келиб, ўзбекона Nexia дунё юзини кўрди, яъни олд-орқа бамперлар ва чироқлар, автомобил салони янгиланди. Бош бўғини Opel Kadett’га бориб тақаладиган янги авлод Nexia’си Ўзбекистонда 2016 йилга қадар ишлаб чиқарилди.

Бугун эса Nexia ўз исмини унга мутлақо ўхшаши бўлмаган бошқа бир машина – Chevrolet Nexiaʼга мерос қилиб қолдирган.

























