Kun.uz’да навбатдаги интервью мавзуси Ўзбекистонда журналист ва блогерлар билан содир бўлаётган қатор хавотирли, тушунарсиз ҳолатлар ҳақида бўлди: баъзи блогерларнинг фаолиятини якунлагани, айрим журналист ва блогерларнинг қамалаётгани ва яна айримларининг устидан суд ишлари давом этаётгани.
Бу каби ҳолатлар эса ўзи-ўзидан соҳа ичидаги бошқа журналист ва блогерларни хавотирга солмай қўймайди.
Таҳлилий интервью меҳмонлари «Америка овози» радиоси мухбири Навбаҳор Имомова, Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ва жамиятшунос, сиёсатшунос Камолиддин Раббимов бўлди.
— 2022 йил охири ва жорий 2023 йилда баъзи журналист ва блогерларнинг Жиноят кодексидаги қатор моддалар билан жавобгарликка тортилгани ва ҳозир ҳам давом этаётган бошқа суд ишлари. Хўш, сизлар журналист, инсон ҳуқуқи фаоли ва жамиятшунос сифатида вазиятни қандай кузатяпсиз?
Дастлаб, вазият сизларга қандай кўринаётгани ҳақида умумийроқ гаплашсак-да, кейин аниқ ҳолатлар мисолида батафсил яна гаплашамиз.

Навбаҳор Имомова:
— Хавотир билан кузатяпман, аммо ажабланаётганим йўқ. Менимча, бу вазият пишиб етилиб келаётган динамика эди. Охирги 3-4 йил ичида ҳар сафар Ўзбекистонга келганимда шу мавзуда материал қилаётган эдим. Дейлик, шакллана бошлаган медиабозор, қоришиб кетган блогосфера ва журналистика, журналистларнинг турли позицияда иш қилиши (журналист, блогер, матбуот котиби) кабилар. Булар Ўзбекистондаги медиамакон коррупциялашганидан дарак эди. Медиамакон коррупциялашишида ҳукумат бошдан оёқ бош-қош. Янгилик эмас бу, совет давридан қолган иллат.

Охирги вақтларда блогерлар бирор бир муаммони ҳал қилиш учун пул олиши мени хавотирга солаётган эди. Бу йўл билан ҳукуматга ҳам кўплаб баҳона бераётганди. Ҳукумат ўзини танқид қилиб, асабига текканларга чора кўряпти ва давом этяпти. Ҳукумат коррупцияни йўқотмоқчи бўлганда бунга бошидан бошқача чора кўрган бўларди, лекин фақат ўзига гап ташлаганларга чора кўряпти. Энди жараён янаям мураккаблашади. Ўзбекистон бу жараёндан ўтиб олиш керак. Бошқа давлатларда ҳам бундай босқич бўлган. Лекин биздаги ўзига хос ва жиноий элементларга бой.


















