“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати давлат хизматчиларининг иш вақтига қанчалик риоя этилиши бўйича аноним сўров ўтказди. Эслатиб ўтамиз, Kun.uz бир ҳафта олдин шу мавзуда интервю эълон қилган, унда экспертлар ҳукуматни кадрларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигини сақлашга чақирган эди.

Респондентлар ҳақида

“Юксалиш” сўровномасида жами 560 нафар давлат хизматчиси иштирок этган. Уларнинг 21,4 фоизи вазирлик ва идоралар, 27 фоизи маҳаллий ҳокимият органлари, 12,1 фоизи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва 39,5 фоизи бошқа давлат ташкилотларида ишловчи ходимларни ташкил этган.

Респондентларининг 376 нафари (67,6%) эркаклар ва 180 нафари (32,4%) аёлларни ташкил этган. Сўровномада 385 нафар (69,2%) оддий мутахассис ходимлар, 172 нафар (30,8%) раҳбар ходимлар иштирок этган.

Умумий натижалар

Ўрганиш давомида маълум бўлишича, респондентларнинг ярмидан кўпи, яъни 57,3 фоизи иш вақтидан ташқари ишга жалб этилади.

Жумладан 36,8 фоизи ҳар куни қўшимча 1-2 соат, 13,9 фоизи ҳар куни кечки соат 22:00 га қадар, 6,4 фоизи кечки соат 24:00 га қадар ишлашини билдирган.

42,3 фоиз иштирокчи эса меҳнат қонунчилигига мос равишда ҳар куни белгиланган 8 соат ишлашини маълум қилган.

Қўшимча ҳақ

Меҳнат кодексининг 262-моддасида ходимга иш вақтидан ташқари иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши белгилаб қўйилган. Сўровда қатнашган ва қўшимча ишлайдиганларнинг 13,3 фоизи иш берувчилар томонидан қўшимча иш учун камида 2 баравар ҳақ тўлаб берилишини қайд этган. Улар асосан давлат бошқарув органларининг марказий идоралари вакилларига тўғри келади.