Жаҳон | 08:29 / 09.08.2023
12605
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған: «Ғалла битими»нинг қайта тикланиши Ғарбга боғлиқ

Туркия президентининг сўзларига кўра, агар Ғарб ўз мажбуриятларига амал қилса, Қора денгиз ғалла ташаббуси яна тикланиши мумкин.

Фото: AA

Қора денгиз ғалла ташаббусининг тақдири Ғарбга боғлиқ. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 8 август, сешанба куни Туркия элчиларининг Анқарадаги йиллик конференциясида айтди. Уруш даврида Қора денгиз портлари орқали Украина донини экспорт қилишга рухсат берган «дон келишуви»нинг қайта тикланиши «бу ваъдаларни бажариши керак бўлган Ғарб давлатларига боғлиқ», дея Туркия раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтиради AFP ахборот агентлиги.

Шу билан бирга, Эрдўған Ғарбни «Қора денгиз ғалла ташаббуси яратган ижобий муҳитни ўт очишни тўхтатишга, кейинчалик эса узоқ муддатли сулҳга айлантиришга имкон берадиган» чоралар кўрмагани учун қоралади. 

Айни вақтда, Туркия давлати раҳбари ўз мамлакатининг позицияси «аниқ» эканини таъкидлади. Агар уруш Қора денгизга тарқалиб кетса, бу бутун минтақа учун фалокат бўлади, деди Эрдўған. Бироқ, «ечим» топиш мумкин, дея қўшимча қилди у Россия президенти Владимир Путин билан яқинда бўлган телефон суҳбатига ишора қилиб. Бу суҳбат чоғида айтилган «Москва талаблари» инобатга олинди, деди Эрдўған бошқа тафсилотларни очиқламасдан. 

«Ғалла битими» бекор қилинишидан олдин, Москва келишувнинг Россия ўғитларини экспорт қилиш бўйича қисми бажарилмаётганидан бир неча бор норозилигини билдирган. Шу билан бирга, Кремл Ғарбни танқид қилди, унинг кузатувларига кўра, Украина донининг катта қисми очликдан азият чекаётган мамлакатларга юборилмайди, балки Ғарб бозорларида қолмоқда. 

Мавзуга оид