Андижонлик педагоглар янги ўқув йилини бино қуриш билан бошлашмоқда. 2 баробар қўшимча юклама билан ишлаётган 54-мактабда ўқитувчиларга битта ҳам хона ажратилмаган, ходимлар дарсга синфхоналарда тайёрланишга мажбур. Муаммони ҳал қилишга бевосита масъул ҳокимият эса “қўлини чўнтагига тиқиб олган”.
Андижон вилояти Асака туманидаги 54-сонли умумтаълим мактаби ўтган асрнинг 70 йилларида қурилган. Мактаб 210 болага мўлжалланган, аммо ҳозирда унда 2 сменада 420 бола таҳсил олади.
Битта 2 қаватли бинога эга таълим масканида жами 10 та хона бор. Мактабда 18 та синф мавжуд. Шу сабабли хоналарнинг 9 таси дарс машғулотлари учун ажратилган. Ҳозирда таълим муассасасида 30 нафар педагог ходим ишлайди.
“Қўшимча бинога эҳтиёжимиз бор. Бу борада туман ҳокимлиги ҳамда ММТБга мурожаат қилинган. 2017-2018-2019 йилларда мактаб директоримиз алмашган. Бошқа директор билан ҳам мурожаат қилганмиз. Янги директоримиз 2020 йилдан фаолиятини бошлаган бўлса, у билан ҳам бир неча маротаба сўров жўнатганмиз.
Лекин муаммомиз дастурга, қандайдир рўйхатларга тушмай қолди. Эски, кичикроқ бўлган ўқитувчилар хонаси ёнидан ўтган сув қувурлари тешилиб, йиқилиш ҳолатида бўлгани учун буздик. Ўзимиз қўлимиз билан қурамиз деган мақсадда қурилишни бошлаган эдик. Ҳозирда ишларимиз ҳашар йўли билан давом этяпти. Ҳамма ўқитувчилар ўзаро келишиб, бир-биримиз билан ҳамжиҳатликда қуряпмиз”, – дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Азизбек Абдулбоқиев.
Унинг қўшимча қилишича, аслида муассаса техник жиҳатдан 210 ўринга мўлжалланган бўлса ҳам масъулларнинг ҳужжатларида бу рақам 240 нафар деб юритилади.
“Нима сабабдан ҳужжатларда 240 ўринли деб берилишини билмайман. Муаммо юзасидан хат билан мурожаат қилганимизда қурилиш бўлимидан келганларнинг ҳужжатларида 240 ўринли деб ёзилганини кўрганмиз. Агар 240 ўринли бўлган тақдирда ҳам 480 нафар бола сиғиши керак. Мактабнинг ўзида 2 та хона мослаштирилган холос.
Ҳозир ўқитувчилар хонасини қуриш учун бетон қуйиб, пойдевор қилинган. Жами 30 нафар ўқитувчи ишлайди. Шунинг 10 нафари ҳам дарсга кириб кетса, қолгани шу қураётган жойимизда дарс вақтини кутиб, қўшимча ишларини қилиб ўтирар эди”, – деди у.
Маълумотларга кўра, ҳозирда вайронага айланган бу жойдан биринчи бўлиб омборхона сифатида фойдаланилган. Кейинроқ ўқитувчилар хонаси сифатида қайта таъмирланган. Таъмир муддати ўтиб, сифати ёмонлашгач бино авария ҳолатига келиб қолган. Шундан кейин мурожаатлар кор қилмагач, ўқитувчиларнинг ўзи бинони ҳашар йўли билан қуришга киришишган.
















