Жаҳон | 18:38 / 09.08.2023
6292
2 дақиқада ўқилади

Тўқаев Қозоғистонда янги иқтисодий моделга ўтиш зарурлигини маълум қилди

«Халқ биздан аниқ қарорлар кутмоқда, чунки энг долзарб масалаларни ҳал қилиш керак», деди президент.

Фото: Акорда

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев янги иқтисодий моделга ўтиш зарурлигини маълум қилди.

«Биз бутунлай янги йўлга ўтиш учун Қозоғистоннинг иқтисодий ривожланишига жуда жиддий туртки беришимиз керак. Ҳозир ҳал қилувчи тарихий лаҳза яқинлашмоқда ва Қозоғистон иқтисодиёти ҳозир қандай ҳолатда бўлса, келажакда ҳам шундайлигича қололмайди. Бу аниқ», деди Тўқаев.

Президент сўзларига кўра, ҳукуматнинг вазифаси тегишли таклифлар киритишдан иборат.

«Бу, биринчи навбатда. Иккинчидан, ушбу таклифларга мувофиқ тайёрланадиган режаларнинг бажарилишини кафолатлаш. Лекин мен янги иқтисодий моделни ишлаб чиқиш ва тайёрлашга қандай ёндашиш ҳақида шахсан ўйлаётганимни яширмайман. Яқинда мен Олий иқтисодий кенгаш йиғилишига раислик қилдим. Очиғи, мен маҳаллий иқтисодчиларимизни танқид қилдим. Ўйлайманки, улар яхши ишламаяпти, бунёдкорлик йўқ, олдимизда ва бутун давлат олдида турган вазифаларни тушуниш йўқ», деди у.

«Халқ биздан аниқ қарорлар кутмоқда, чунки энг долзарб масалаларни ҳал қилиш керак. Халқимиз учун муносиб турмуш даражасини таъминлаш мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожланишини концептуал жиҳатдан қандай кўришимиз билан бевосита боғлиқ. Буни жиддий қарорларсиз амалга оширолмаймиз. Мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига ўта жиддий туртки беришга қаратилган бу ўта муҳим ишни биргаликда бошлашимиз керак», деди президент.

Тўқаев Қозоғистон халқига сентябрь ойидаги мурожаатида мамлакатни янада ривожлантириш бўйича ўз қарашларини баён қилишни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид