Жаҳон | 08:56 / 10.08.2023
10207
3 дақиқада ўқилади

Россиянинг энг яхши университетлари «ҳарбий» квота бўйича 800 дан ортиқ кишини қабул қилди

Уруш қатнашчилари учун квоталар бўйича олий ўқув юртларига ўқишга кирган талабаларнинг аксарияти ягона давлат имтиҳонини тегишли баллардан паст балл билан топширди. Имтиёзга эга бўлганлар асосан Олий иқтисодиёт мактаби ва Москва давлат университетига қабул қилинди, дея аниқлади «Важные истории».

Москва давлат университети / Фото: m24.ru/Евгения Смолянская

800 дан ортиқ киши Украинага қарши уруш қатнашчилари ва уларнинг болалари учун квоталар бўйича Россиянинг энг яхши университетларига ўқишга кирди. Уларнинг аксарияти ягона давлат имтиҳонидан тегишли баллардан паст балл тўплаган ёки умуман ўта олмаган, деб хабар берди «Важные истории» суриштирув нашри 9 август, чоршанба куни. 

Журналистлар 9 августга қадар Россиянинг 15 та энг яхши университетидан 13 тасининг сайтларида жаҳон стандартлари бўйича эълон қилинган бакалавриат ва мутахассислик бўйича кундузги бўлимга ўқишга қабул қилиш бўйича буйруқларни таҳлил қилди. Имтиёзга эга бўлганларнинг аксарияти Олий иқтисодиёт мактаби (ОИМ), Москва давлат университети (МДУ) ва Урал федерал университетига ўқишга кирди. Бундай квота бўйича таълимнинг бюджет шаклига жами камида 833 киши қабул қилинди.

Ҳар тўртинчи шахс (203 киши) бюджетга «кириш имтиҳонларисиз» кирган. Нашрнинг ёзишича, квота бўйича кирганлардан 429 нафари имтиёзсиз ўқишга кириш учун белгиланганидан ҳам ёмонроқ имтиҳон топширган. Бундай баллар билан улар ўқишга кирган факультетларга қабул қилинмаган бўларди, дея таъкидлайди «Важные истории».

Ўқишга кирган «имтиёзли талабалар» нимани ўрганади?

Журналистлар, шунингдек, «алоҳида квота» бўйича ўқишга кирганлар Москва давлат университетида «Америка ва Африка тадқиқотлари», Олий иқтисодиёт мактабида «Иқтисодий жиноятларни тергов қилиш», Санкт-Петербург давлат университетида «Академик қўшиқчилик», Бауман номидаги Москва давлат техника университетида «ўқ-дорилар ва портлаткичлар», «ракета қуроллари» ва «космонавтика» йўналишида таҳсил олишларига эътибор қаратди.

Айни пайтда, «Бумага» суриштирув нашри Петербургда камида 1177 киши ҳарбий имтиёзлардан фойдаланишга уринганини хабар қилди. Улардан 47 нафарининг ота-онаси Украинада жанг қилмоқда, деб ёзади нашр. Абитуриентлар асосан IT-йўналишларига (344 киши) киришни хоҳлаган. Яна 310 нафар абитуриент амалий математика, физика ва кимёвий технология йўналишида ўқиш истагини билдирган. «Бумага» ҳисоб-китобларига кўра, камида 261 киши Санкт-Петербург университетларига «алоҳида квота» бўйича ўқишга кирган. 

Россия фан ва олий таълим вазири ўринбосари Дмитрий Афанасевнинг сўзларига кўра, Украинадаги уруш қатнашчилари ва уларнинг оила аъзоларидан университетга ўқишга кириш учун 9000 дан ортиқ ариза келиб тушган, 7000 га яқин киши устувор тартибда ўқишга қабул қилинган. Унга кўра, олий ўқув юртлари ҳар бир мурожаатни алоҳида кўриб чиққан ва керак бўлса, квотадан ўта олмаган абитуриентларга ўз маблағлари ҳисобидан жой ажратган.

Мавзуга оид