Жаҳон | 08:44 / 10.08.2023
10385
2 дақиқада ўқилади

Варшавада мингдан ортиқ беларуслик иштирокида акция ўтказилди

Варшавадаги «Дзень салідарнасці» акцияси иштирокчилари Украинадаги урушга қарши чиқди ва Беларусда сиёсий маҳбусларни озод қилишга чақирди. DW мухбирининг хабар беришича, тадбирга мингдан ортиқ намойишчи қўшилган. 

Фото: charter97

9 август, чоршанба куни Варшавада Европа Иттифоқи сохталаштирилган деб ҳисоблаган Беларусдаги президентлик сайловлари ва ундан кейинги норозилик ва репрессияларнинг уч йиллигига бағишланган «Дзень салідарнасці» акциясига мингдан ортиқ намойишчи чиқди. 

Митингда 2020 йилда машҳур бўлган шиорлар янгради, улардан бири: «Биз унутмаймиз, кечирмаймиз», дея хабар бермоқда DW мухбири. Иштирокчилар Украинадаги урушга қарши чиқди ва ноқонуний судланганларни озод қилишга чақирди. Ҳуқуқ фаолларига кўра, Беларусда 1500 га яқин одам сиёсий маҳбус деб тан олинган.

Беларуслик мухолифатчи Павел Латушко митингда режимга нисбатан санкциялар босимини давом эттириш ва Александр Лукашенкони ҳибсга олиш учун халқаро ордер берилишини талаб қилиш зарурлигини айтди. 

Гданскдаги акция 

Худди шундай акция Гданскда ҳам бўлиб ўтди. Иштирокчилар шаҳарнинг тарихий марказидан Европа бирдамлик марказигача пиёда юриб келди. DW мухбирининг сўзларига кўра, акцияда 500 га яқин одам тўпланган. Митингда беларус шоири Андрей Хаданович иштирок этди. 

Шунингдек, тадбирлар Литва, Гуржистон, Чехия, Швейцария, Буюк Британия, АҚШда бўлиб ўтди. 

Тихановская: Биз ҳеч қаерга кетмаймиз 

Беларус мухолифати етакчиси Светлана Тихановская Вилнюсдаги митингда нутқ сўзлади, деб хабар беради Беларуснинг Zerkalo.io («Зеркало») интернет портали. 

«Биз халқимиз билан фахрлансак бўлади. Халқимиз озодликка иродасини намоён этди, - деди у. - Уч йилдан бери бу ирода йўқолмади. Репрессияларга қарамай. Оммавий мажбурий муҳожирликка қарамай. Мен душманларимизга айтмоқчиман: биз ҳеч қаерга кетмаймиз».

Аввалроқ, DW нашрига берган интервьюсида президентликка собиқ номзод Тихановская: «Украина ғалаба қозониши керак ва у ғалаба қозонади, кейин беларуслар учун янги имкониятлар ойнаси очилади», деб таъкидлади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид