Иқтисодиёт ва молия вазирлиги “Фуқаролар учун бюджет: 2022 йил ижроси” нашрини эълон қилди.
Маълумотларга кўра, 2022 йил якуни билан консолидациялашган бюджетнинг умумий фискал баланси тақчиллиги белгиланган меъёрлар доирасида ижро этилган ва 35,2 трлн сўмни (ЯИМнинг 4 фоизи) ташкил этган.

“Тақчилликнинг 2022 йил бошида режалаштирилган 25,5 трлн сўм ёки ЯИМнинг 3 фоизи миқдоридан ошиши, асосан, ижтимоий соҳа, иқтисодиёт ва аҳолини қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ва ишлаб-чиқариш инфратузилмасига инвестиция харажатларининг ошиши билан изоҳланади”, - дейилади расмий релизда.
Консолидациялашган бюджет тақчиллигини (35 229 млрд сўм) қоплаш учун қуйидаги манбалар йўналтирилган.
Ташқи манбалар 22,4 трлн сўмни ташкил қилган, бундан:
• халқаро молия институтларининг қарз маблағлари ва еврооблигациялар чиқариш ҳисобидан – 16 668 млрд сўм;
• Давлат дастурлари ижроси учун жалб қилинган қарз маблағлари – 5 733 млрд сўм.
Ички манбалар 10,87 трлн сўмни ташкил қилган, бундан:
• йил бошига қолдиқ маблағлари ҳисобидан – 1 949 млрд сўм;
• Давлат активларини хусусийлаштириш ҳисобидан тушумлар – 4 500 млрд сўм;
• Давлат ғазна облигацияларини чиқариш ҳисобидан – 6 379 млрд сўм.
Манбалар таркибига қаралса, тақчилликнинг 47 фоизи халқаро молия институтларининг қарз маблағлари ва еврооблигациялар чиқариш ҳисобидан қоплангани маълум бўлади. Давлат ғазна облигациялари эса тақчилликни қоплашнинг иккинчи йирик манбаси бўлган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида 2022 йилги бюджет қонунига ўзгартириш киритилиб, республика консолидациялашган бюджет тақчиллиги 3 фоиздан 4 фоизга оширилганди. Натижада харажатлар 22,95 трлн сўмга оширилди.















