Узоқ чўзилган уруш Украинада коррупция учун янги имкониятлар яратди. Киев халқаро социология институти маълумотларига кўра, украиналиклар коррупцияни мамлакатдаги Россия агрессиясидан кейинги иккинчи энг муҳим муаммо деб билади (бу нуқтайи назарни респондентларнинг 89 фоизи қўллаб-қувватлаган). Володимир Зеленский жамоаси давлат аппаратида тергов ва тозалаш ишларини бошлаб юборди, бироқ бу чоралар ҳали ҳам етарлича тизимли эмас.

Шу билан бирга, марказий ҳукумат аҳолининг шаҳарларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга сарфланган маблағлардан норозилигидан ўзининг халқ томонидан сайланган мэрлар билан узоқ йиллик зиддиятида фойдаланмоқда. Журналист ва Украина сиёсатининг мустақил тадқиқотчиси Константин Скоркин уруш авжидаги аксилкоррупция кампанияси ҳақида фикрларини билдирди.

Зеленский офиси маҳаллий ҳокимиятларни мақсадсиз харажатларда айблади. Киев маъмурияти плиткаларни алмаштириш — инжиқлик эмас, балки ҳатто уруш пайтида ҳам зарурат дея жавоб берган.

Украина жануби ва шарқида давом этаётган жанглар, шунингдек, мамлакатнинг бошқа ҳудудлари ўққа тутилиши фонида Украина шаҳарларида кенг кўламли ободонлаштириш кампанияси бошланди. Бюджет тақчиллиги ва чет эл ёрдамига қарамлик кучайиб бораётгани ҳисобга олинса, плиткаларни қайта ётқизиш ва кўкаламзорлаштириш ишлари энг камида ўз вақтида амалга оширилмаётгандек кўринади.

Муаммо, айниқса, Киевда кескин, чунки президент девони ва шаҳарни бошқараётган Виталий Кличко ўртасидаги сиёсий можаро Володимир Зеленский ҳокимиятга келган пайтдан бери тўхтагани йўқ. Киев шаҳар ҳокимиятининг ўзига хослиги шундаки, Кличко иккита ролни — халқ томонидан сайланган мэр ва президент томонидан тайинланган шаҳар маъмурияти раҳбари лавозимларини бирлаштиради. Президент девони узоқ вақтдан буён унинг ваколатларини чеклашга ҳаракат қилади ва шаҳар хўжалигидаги ҳар қандай муаммо навбатдаги қарама-қаршиликни келтириб чиқаради.

2023 йил ёз фасли бошида Фавқулодда вазиятлар бўйича Давлат хизмати текшируви Киевдаги фуқаролик мудофааси бошпаналарининг тахминан учдан бир қисми фойдаланишга яроқсиз ҳолатда эканини кўрсатди. Кейинроқ шаҳар районларидан бирида бошпаналарга «болалар руҳиятини кўтариш учун» барабанлар ва янги намунадаги блендерлар сотиб олиш режалаштирилган тендер натижалари кенг оммага маълум бўлди. Киев мэрияси қаттиқ танқидга учради. Президент девони Кличкони реал ваколатлардан маҳрум қилиш мақсадида шаҳар маъмуриятидаги унинг ўрнига аллақачон бошқа номзод топгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Лекин иш яна истеъфогача бормади.