Gazeta.uz сайти қизиқ маълумот билан бўлишди. Ўзбекистондаги йўл-транспорт ҳодисаларининг тенг ярми пиёдаларни уриб кетиш билан боғлиқ экан. Журналист бу борада 50 та тасодифий суд қарорлари билан танишиб, ҳаттоки йўловчи вафот этган ҳолатда ҳам ҳайдовчиларга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланмаганига гувоҳ бўлган.

Бу мақоладаги мулоҳазаларни уч-тўрт ҳафта муқаддам, танишларимдан бири Тойлоқ туманида бўлган воқеани айтганидан сўнг ёзишга жазм қилган эдим.

Танишимнинг ҳикоясига кўра, унинг яқинларидан бирини пиёдалар ўтиш жойида машина уриб кетади. Ёши кексароқ одам воқеа жойида ҳалок бўлади. Катталар, маҳалла-кўй аралашади, «ёш ҳайдовчининг умри қамоқда куймасин», деб марҳумнинг яқинлари судда даъво қилишмайди: ҳайдовчи қамалмай қолади. Орадан 6 ой ўтгач у машинасида яна бир инсон умрига зомин бўлади.

«Агар бундай бўлишини билганимизда, ўша пайтда уни қаматиб юборардик, шунда у яна бир инсоннинг умрига зомин бўлмасди», — дейди танишим.

Умуман, транспорт воситасида одам уриб юбориш Жиноят кодексининг 266-моддасига кўра жавобгарлик келтириб чиқаради. Ҳайдовчи томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса БҲМнинг 50 баравариГАЧА жарима, 360 соатГАЧА мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилГАЧА ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Яъни бундай қилмиш учун озодликдан маҳрум этиш жазоси йўқ, ҳаттоки жабрланувчи бутун умрга майиб-мажруҳ бўлиб қолса ҳам.

Ўша қилмиш одам ўлишига сабаб бўлса — муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Яъни машина ҳайдаб одам ўлишига сабабчи бўлиш ҳайдовчилик ҳуқуқидан муайян (суд белгилайдиган) муддатга маҳрум этиб, 7 йилГАЧА озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган.

«Гача»ларни бекорга катта ҳарф билан ажратиб ёзмадим. Амалда доим адолатли жазо белгиланмаяпти, суд ўз ихтиёрига кўра енгилроқ жазоларни тайинлаяпти, кўряпмиз. Бу эса ҳайдовчиларда жазодан осонгина қутулиш мумкин, деган тасаввур ҳосил бўлишига, йўлларда йўл ҳаракати қоидаларига эътиборсиз бўлишига олиб келмоқда. Одам ўлдириб ҳам қамалмаётган шофёрларни кўрганлар жуда бемалол бўлиб қолганга ўхшаяпти.

Нима қилиш керак?

Автотранспорт воситасида қоидабузарлик қилиб одам ўлишига ёки жиддий тан жароҳати олишига (мажруҳ бўлиб қолиши) сабаб бўлганлик учун жазо қатъийлаштирилиши лозим (албатта, пиёданинг айби билан рўй берган қоидабузарлик — бундан мустасно).