Uzbekistan Airways авиакомпанияси Миср ҳукумати томонидан инсонпарварлик ёрдами сифатида берилган гепатит С вирусига қарши «Даклатасвир» препаратининг ўн тўртинчи партиясини Шарм-аш-Шайхдан Тошкентга етказди.

1280 дона «Даклатасвир - 60 мг» препарати (жами 80 қути) Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-тадқиқот институтида даволаниб чиққан беморларга тарқатилади.

Аввалроқ, президент Шавкат Мирзиёев гепатит С билан касалланган беморлар давлат ҳисобидан даволанишини айтган эди.

Қайд қилинишича, Миср гепатит В ва С вирусларига қарши курашда сезиларли ютуқларга эришган. Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакат аҳолиси бу касалликдан тўлиқ халос бўлган ва мисрлик олимлар ўзбек мутахассислари билан тажриба алмашишга тайёр.