Жаҳон | 10:40 / 23.08.2023
12777
3 дақиқада ўқилади

Покистонда ўқувчилар канат йўлда қолиб кетди. Улар мактабга кетаётганди

Покистондаги осма йўлда қолиб кетган саккиз кишининг барчаси қутқарилган. Уларнинг олти нафари болалар.

Маҳаллий аҳоли қутқарув амалиётини кузатиб турган. AFP VIA GETTY IMAGES

Покистон шимоли-ғарбидаги дара устидан ўтган осма йўлда (канат) қолиб кетган 10 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар ва яна икки кишини қутқариш бўйича амалиёт муваффақиятли якунланди.

Расмий шахсларнинг сўзларига кўра, саккиз кишидан иборат гуруҳ мактабга кетаётганида пўлат арқонлардан (трос) бири узилиб кетган ва улар ердан 274 метр баландликда осилиб қолган.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, қутқарувчилар келгунига қадар йўловчилар камида тўрт соат давомида канат вагонида қолишган.

Авария сешанба куни маҳаллий вақт билан соат тахминан 07:00 да Хайбер-Пахтунхва провинциясининг Аллай водийси ҳудудида рўй берган.

Очиқ вагон битта трос орқали тутиб турилган.

Қутқарув амалиёти куннинг иккинчи ярмига келиб якунланган. Фото: ALTAF HUSSAIN

Аллай – тоғли ҳудуд бўлиб, денгиз сатҳидан 2 минг метр баландликда жойлашган. Бу ҳудуддаги аҳоли яшаш манзиллари бир-биридан узоқ масофаларда жойлашади.

Покистон шимолидаги мазкур тоғли ҳудуднинг катта қисмида транспорт инфратузилмаси мавжуд эмас, бу ерда йўллар деярли йўқ. Кўплаб ҳудудларда бир тоғдан бошқасига ўтиш учун шунга ўхшаш кўтариш воситаларидан фойдаланилади.

Маҳаллий ўқитувчилардан бири Покистоннинг Dawn нашрига айтиб беришича, унинг ҳудудида бошқа транспорт йўқлиги учун ҳар куни мактабга 150 га яқин киши канат йўл орқали қатнайди.

Канат йўлда қолиб кетган ўқувчилар яшайдиган ҳудуддан мактабгача масофа пиёда икки соатда босиб ўтилади. Шунинг учун маҳаллий аҳоли вакилларидан бири бўлган механик ўзига хос лифт қуришга қарор қилган, унинг ёрдамида юқорига атиги тўрт дақиқа ичида кўтарилиш мумкин.

Маҳаллий полиция маълумотларига кўра, у қурилиш учун маҳаллий расмийлардан рухсат олган, расмийлар ҳам унинг хавфсизлигини ҳар ойда текшириб туриши керак бўлган.

Маҳаллий полициячининг BBC мухбирига айтишича, 22 август куни тонгида ҳам канат орқали мактабга ва ортга тўрт қатнов амалга оширилган, аммо бешинчи сафар канат арқони узилиб кетган.

Мавзуга оид