Жаҳон | 08:58 / 23.08.2023
10061
1 дақиқада ўқилади

«Роскосмос» «Луна-25» станциясининг қулаши сабабларини тушунтирди

Бунга двигатель ўчирилган пайтдаги носозлик сабаб бўлгани айтилмоқда.

Фото: Роскосмос

Россия давлат космик агентлиги (Роскосмос) бош директори Юрий Борисов «Россия-24» телеканалига берган интервьюсида «Луна-25» станциясининг Ойга қулаб тушиш сабабларини айтди. Унинг сўзларига кўра, бунга двигатель ўчирилган пайтдаги носозлик сабаб бўлган.

«Йўналишни корректировка қилишдан олдин соат 14:10 да аппарат двигателлари ишга туширилди. Улар аппаратни қўниш орбитасига чиқариши лозим эди. Афсуски, двигателнинг ўчирилиши циклограмма бўйича эмас, балки вақт бўйича юз берди. Оқибатда, двигателлар 84 сония ўрнига 127 сония ишлади. Бу аппарат авариясининг асосий сабаби бўлди», деди у.

Парвоз дастурига мувофиқ 19 август куни «Луна-25» космик кемаси қўнишидан олдин эллиптик орбитасини шакллантириш учун импульс берилди. «Роскосмос» маълумотларига кўра, Москва вақти билан тахминан 14:57 да «Луна-25» космик аппарати билан алоқа узилиб қолди.

Тахминларга кўра, у Ой юзасига қулаган.

Мавзуга оид