Республика болалар кутубхонасининг қарийб 150 йиллик тарихий биноси ўзига хослигини сақлаб қолган ҳолда қайта таъмирланиб, яна китобсеварлар учун ўз бағрини очди. 200 мингга яқин маънавий фондни сақлаётган бино нафақат классик кутубхона, балки болалар учун бошқа кўплаб машғулотларга ҳам замин бўлади. Kun.uz мухбири болалар кутубхонасидан фоторепортаж тайёрлади.

31 август куни Республика болалар кутубхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. 2020 йилда бошланган таъмирлаш ишларини “Ludi Architects” меъморчилик бюроси лойиҳаси бўйича амалга оширилди.

Кутубхона биноси бой тарихга эга. У XIX аср охирларида қўқонлик тадбиркорлар томонидан қурилган, кўп ўтмай бино сотиб юборилиб, унга Тошкент шаҳар думаси ва Жамоат йиғини жойлашади, турар жой қисми эса болалар кутубхонасига айлантирилади.

Ўтган асрнинг 60 йилларида Алишер Навоий номидаги давлат кутубхонасининг Ўсмирларга хизмат кўрсатиш бўлими бу ерга кўчади. Кейинчалик у тўлиқ Республика болалар кутубхонаси тасарруфига берилган.

Маълум қилинишича, кутубхонанинг китоб фонди 1965 йилдан бошлаб шакллантирилиб, 200 минг жилдга яқин нашрдан иборатдир. Қайта таъмирлаш ишлари мобайнида у кенгайтирилиб, яна 21 минг китоб қўшилган. Бунда Ислом, Европа ва замонавий санъатга оид китоблар жамланмаларига алоҳида эътибор қаратилди.