Жаҳон савдо ташкилотида Ўзбекистоннинг аъзолиги бўйича тузилган ишчи гуруҳ раиси Ли Таеҳо жараён сўнгги босқичда эканини айтаркан, якуний мақсадга эришиш учун бир нечта муҳим муаммоларни аниқлаш ва уларга диққат қаратиш кераклигини таъкидлади.
11 сентябр куни Тошкентда, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш йўли” мавзусида конференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Тадбирда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳ раиси Ли Таеҳо, Ўзбекистон президентининг ЖСТга аъзолик бўйича махсус вакили Азиз Ўрунов, Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчиси Ким Ҳи Санг иштирок этди.
Ли Таеҳонинг айтишича, Ўзбекистон ҳозирда ЖСТга аъзолик йўлида бораётган 24 давлат орасида энг йирик давлатлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ЖСТ аъзолари томонидан бошқа давлатларга нисбатан Ўзбекистонга кўпроқ эътибор қаратилиши табиий ҳол, деди у.
“Айтиш мумкинки, Ўзбекистон ҳозирда ЖСТ аъзолари томонидан ўзидаги ҳар битта савдо режимининг ЖСТ қоидаларига мувофиқлиги юзасидан қатъийроқ назорат остида. Шу билан бирга, Ўзбекистон томонидан бозорларга киришдаги ҳар бир мажбуриятнинг бажарилиши бўйича кутилмалар юқори”, – деди Ли Таеҳо.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳозирда ЖСТ аъзолари томонидан ўзидаги ҳар битта савдо режимининг ташкилот қоидаларига мувофиқлиги юзасидан қатъийроқ назорат остида.
Азиз Ўрунов Ўзбекистон ўзгаришларга тайёрлигини таъкидлаб, ҳукумат гуруҳи музокараларга яхши тайёргарлик кўриши кераклигини қайд этди.
“Жаноб Ли таъкидлаганидек, энди биз муҳим бир нуқтага келдик. Бу бизнинг ташкилотга аъзо бўлишимиздаги мураккаб жараён деб айта оламан. Шу сабабли, Ўзбекистон ўз ёндашувини қайта кўриб чиқди.
Бугун халқаро экспертлар кўмагида 200 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар кўриб чиқилмоқда, 5 та қонун лойиҳаси, шунингдек, 12 та ҳукумат қарори парламентга киритиш учун тайёрланмоқда. Қарорлар яқин ойларда қабул қилинади”, – деди Ўзбекистон президентининг махсус вакили.
Ли Таеҳо Ўзбекистон ҳукуматига ЖСТнинг энг муҳим аъзолари, хусусан АҚШ ва Европа иттифоқи билан икки томонлама музокараларга кўпроқ эътибор қаратишни тавсия қилди.














