07:21 / 21.09.2023
5354

Қозоғистонда илк бор «чет эл агентлари» реестри эълон қилинди, унга журналистлар ва ҳуқуқбонлар киритилган

Қозоғистон Молия вазирлиги илк марта «чет эл агентлари» реестрини эълон қилди. 240 та юридик ва жисмоний шахслар номлари киритилган рўйхатдан ҳуқуқбонлар, журналистлар ва хорижий компанияларнинг ваколатхоналари ўрин олган.

Фото: rossaprimavera.ru

Ҳужжат вазирликнинг Давлат даромадлари қўмитаси сайтига жойлаштирилган.

Хусусан, Қозоғистон Молия вазирлиги «чет эл агентлари» рўйхатига қуйидагиларни киритган:

  • Қозоғистон халқаро инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси;
  • Erkindik Qanaty фонди;
  • Қозоғистон ёшлар информацион хизмати;
  • Masa.Media нашри;
  • MediaNet халқаро журналистика маркази;
  • «Халқаро ҳуқуқий ташаббус»;
  • «Ар.Рух.Хак» ҳуқуқбонлик фонди;
  • «Әділ сөз» («Одил сўз») халқаро сўз эркинлигини ҳимоя қилиш фонди;
  • «Зеленое спасение» («Яшил қутқарув») экологик жамияти.
  • Қозоғистон касаба уюшмалари федерацияси.

Республикада «чет эл агенти» деб эълон қилинганлар орасида журналист Айнур Коскина, Мажлис депутатлигига собиқ номзод Динара Егеубаева, журналист ва «За нами уже виехали» Youtube-каналининг муаллифи Дмитрий Дубовицкий бор.

Мустақил матбуот «чет эл агенти» деб топилган жисмоний шахсларнинг индивидуал идентификацион рақамлари ҳам эълон қилинганига эътибор қаратган. Бу шахсий маълумотларни ошкор қилиш ҳисобланади.

Бундан ташқари, Қозоғистон ҳукумати «чет эл агентлари» реестрига хорижий компаниялар ва фондларнинг ваколатхоналарини ҳам киритган. Масалан, Россия «Газпромбанк»ининг Қозоғистондаги ваколатхоналари, Reuters халқаро ахборот агентлиги ваколатхонаси, «Киев витамин заводи» филиали ва Нидерландия силга қарши курашиш марказининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси ҳам рўйхатдан ўрин олган.

2022 йилда Қозоғистон ҳукумати чет элдан молиялаштириш оладиган шахсларнинг реестрини ошкор қилишни назарда тутувчи ўзгартиришларни Солиқ кодексига киритган эди. Ҳукумат бу чора «фуқаролар ишончи даражасини юксалтириш»га қаратилганини айтиб, юридик шахслар ва ноҳукумат ташкилотларига тегишли бўлишини таъкидлаган эди.

Top