Россия президенти Владимир Путин «Валдай» халқаро мунозара клубининг 20-йиғилиши ялпи мажлисида иштирок этди. Путин нутқ сўзлаб, Ғарбни ва унинг «дунёдаги таъсирини» танқид қилди, шунингдек, дунё қандай тузилиши кераклиги ҳақидаги қарашларини баён этди. Кейин бошқа иштирокчилар билан «мунозара» давомида саволларга жавоб берди. Россия президентининг тўлиқ нутқи Кремл сайтида эълон қилинди. Meduza унинг нутқидан асосий иқтибосларни келтирди.

Путиннинг нутқи мазмуни (қисқача)

Қарийб 20 йил аввал клуб йиғилишида илк бор учрашганимизда мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйган эди. Биз бор куч-ғайратимиз ва эзгу ниятимиз билан янги, бизга адолатли кўринган дунёни қуриш жараёнларига қўшилдик. Баъзилар бизнинг конструктив ҳамкорликка тайёрлигимизни нотўғри тушунишди - улар буни Россия бошқа бировнинг йўл-йўриғига эргашишга, кимнингдир манфаатларидан келиб чиқишга тайёрлигини тан олиши деб тушунишди. Шунча йиллар давомида биз бир неча бор огоҳлантирганмиз: бундай ёндашув ҳарбий тўқнашув хавфи ортишига олиб келади. Лекин ҳеч ким бизни тинглашни хоҳламади.

Ғарбдаги «ҳамкорларимиз» такаббурлиги қуюшқондан чиқди. АҚШ ва унинг шериклари ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, маданий, маънавий ва қадриятлар гегемонлиги сари қатъий йўл тутдилар. Ғарб асрлар давомида колонияларни талон-тарож қилиш орқали, бутун сайёрани талон-тарож қилиш орқали гуллаб яшнади. Ғарб тарихи моҳиятан чексиз экспансия солномасидир.

Биз муттасил ошиб бораётган ҳарбий-сиёсий босимга жавоб беришимиз керак. Мен «Украинадаги уруш»ни бошламаганимизни бир неча бор айтганман. Биз уни тугатишга ҳаракат қиляпмиз. Ғарбнинг бевосита кўмагида Киев режими бошлаган урушга бугун ўн йил бўлди ва уни тўхтатиш учун махсус ҳарбий операция ўтказилмоқда. Украина инқирози ҳудудий можаро эмас. Савол анча кенгроқ ва муҳимроқ: биз янги дунё тартиби асосланадиган тамойиллар ҳақида гапиряпмиз.

Ғарбга доимо душман керак. Россия - Ғарб сиёсатчиларининг севимли мавзуси. Ғарб элитаси Хитойми, Ҳиндистонми, араб давлатлари ёки мусулмонми, ўзини мустақил тутадиган ҳар бир кишидан душман ясашга ҳаракат қилмоқда. Қўшма Штатлар хавфсизлик ва иқтисодий соҳадаги қарорларни Европага мажбуран сингдирмоқда. Ғарблик «ҳамкасблар», айниқса Қўшма Штатлардан, ким ўзини қандай тутиши кераклигини очиқ-ойдин сурбетларча ўргатмоқда. Умуман олганда, ким бўлибсиз ўзи? Кўзингизни очинг, мустамлакачилик даври аллақачон тугади деб айтгинг келади.