Ўзбекистон тарафи юборган ёрдам таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари: ун, буғдой, ёғ, макарон, гўшт маҳсулотлари, гуруч, шакар; чодир ва одеяллар, шунингдек бирламчи тиббий ёрдам учун зарурий барча воситалар бор.


Инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев бошчилигида етказилди. Тадбирда, шунингдек ОАВ вакиллари ҳам қатнашди.

Ўзбекистон делегациясини Афғонистон ҳукумати томонидан тузилган зилзила оқибатларини бартараф қилиш бўйича комиссия раиси Мавлавий Шарофиддин Муслим, раис ўринбосари Аҳмадулло Муттақий ҳамда Транспорт ва фуқаро авиацияси вазири ўринбосари Абдул Саттор Гурволлар кутиб олди.

“Ўзбекистон – бизга ҳар доим биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзиб келган биродар мамлакат. Мен ўзим бир неча бор мамлакатингиздан келадиган кўмакни қабул қилиб, жабр кўрган халқимиз ўртасида тақсимлашда иштирок этганман. Биз Афғонистон Ислом Амирлиги ҳукумати ва халқи номидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва халқига чуқур миннатдорлигимизни билдирамиз. Сизлар энг яхши қўшнимиз сифатида Аллоҳ юборган оғир синов кунларида ҳар доим ёнимизда турасиз. Буни ҳеч қачон бизни халқимиз эсидан чиқармайди”, – дея Мавлавий Шарофиддиннинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Абдул Саттор Гурволнинг Kun.uz мухбирига айтишича, зилзила оқибатларини бартараф қилиш учун ҳукумат комиссияси ишламоқда. Шунингдек, биринчи навбатда беморлар ва уйи бузилганлар учун ёрдам берилмоқда. Бугунга қадар Афғонистонга БААдан ҳуманитар ёрдам етиб келган, шунингдек Туркиядан ҳам ёрдамлар етиб келиши кутилмоқда.

Олинган маълумотларга кўра, бугунги кунда Афғонистон муваққат ҳукумати бош-вазирининг биринчи ўринбосари Мулла Бародор бошчилигидаги ҳукумат вакиллари Ҳирот вилоятига ташриф буюриб, қўшимча зарур бўлган ёрдам кўламини аниқмоқда.




















