Украина қуролли кучлари 17 октябр куни илк бор Россия қўшинларининг оккупация остидаги ҳудудлардаги позицияларига узоқ радиусда ҳаракатланувчи ATACMS ракеталари билан зарбалар йўллади. Бу ҳақда дастлаб The Wall Street Journal газетаси ўз манбасига таяниб хабар тарқатган, бу маълумотни The New York Times ва Politico ҳам тасдиқлаган.
Украина АҚШдан ATACMS ракеталарининг кассетали ўқ-дорилар билан таъминланган вариантини қабул қилиб олган. WSJ маълумотига кўра, АҚШ бир неча кун олдин Украина қарши ҳужумининг муҳим босқичида Киевнинг Россия кучларига узоқ масофадан зарба бериш қобилиятини ошириш учун Украинага оз сонли ракеталарни яширин равишда юборган. Бу ракеталарнинг ҳаракатланиш радиуси 160 километр атрофида. Айрим ATACMS баллистик ракеталари 300 километргача бўлган масофадаги нишонларни ҳам аниқ ура олади. NYT манбаси эса Украина қуролли кучларига етказиб берилган бу ракеталарга кассетали ўқ-дорилар ўрнатилгани ҳақида маълум қилган. Нашрнинг АҚШдаги манбаси ракеталар РФ қўшинлари назорат қилаётган ҳудудлардаги муҳим авиабазаларга зарбалар йўллашда қўлланган. Олий Рада депутати Олексий Гончаренко ҳам шу ҳақда ёзган: «Демак, ATACMS аллақачон бизда». У ракеталар Бердянскдаги аэродромга бориб тушганини тасдиқлаган.
Украина қуролли кучлари Россия қўшинлари томонидан оккупация қилинган Луҳанск ва Бердянск шаҳарларидаги аэродромларга зарба йўлланганини маълум қилган. Украина махсус операциялар кучлари «Ниначи» (Dragonfly) операцияси доирасида мазкур аэродромларга йўлланган зарбалар оқибатида россияликларнинг 9 та вертолёти, ҳаво ҳужумидан мудофаа комплексининг ракета учириш қурилмаси, махсус техникалар ва ўқ-дори омборлари йўқ қилингани, учиш-қўниш полосалари шикастлангани ҳақида маълумот берган. Зарбалар оқибатида ҳудудда бўлган ўнлаб кишилар ҳалок бўлгани ва яралангани қўшимча қилинган.
















