Ортда қолаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари – Kun.uz дайжестида.

200 минг ўзбекистонликнинг логин-пароллари тарқатилди

Ўтган ҳафта интернетда дунё бўйлаб 180 миллиондан ортиқ кишининг турли платформалардаги логин ва пароллари тарқалиб кетган эди. Масъул идоралар киберҳужумга учраганлардан 200 мингдан ортиғи ўзбекистонликлар эканини аниқлади. ДХХ ҳузуридаги Киберхавфсизлик марказига кўра, фуқароларнинг тарқалиб кетган логин-паролларидан аксарияти ишчи ҳолатида, яъни улар ёрдамида фойдаланувчиларнинг аккаунтларига кириш мумкин. Бу эса давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот тизимлари хавфсизлигига кибертаҳдидларни келтириб чиқаряпти.

Kun.uz билан гаплашган соҳа мутахассисларига кўра, ҳакерлар тарқатган логин-пароллар қаторида ҳукуматнинг ягона идентификация тизими – OneID, банклар ва тўлов тизимлари, Давлат тест маркази ва олийгоҳларнинг ўқув тизимлари, онлайн дўконлар ва кўнгилочар порталлар, шунингдек, турли сайтларнинг бошқарув панелларига кириш кодлари ҳам бор.

Рақамли технологиялар вазирлигининг маълум қилишича, мавжуд вазият бўйича тегишли чоралар кўриляпти, лекин OneID тизимига киберҳужум бўлмаган, шунингдек, тизимнинг ишида носозликлар ҳам кузатилмаган. Вазирликка кўра, тизимнинг ўзига эмас, тизимдан фойдаланувчи фуқароларнинг электрон қурилмаларига ҳужум қилинган. Биз суҳбатлашган экспертлар ҳам шундай фикрни илгари сурди. Уларга кўра, дунё бўйлаб миллионлаб фойдаланувчиларнинг интернетга кирадиган қурилмаларига вируслар тушган бўлиб, бу вируслар браузердаги логин-паролларни йиғиб, ҳакерларга узатган.

Киберхавфсизлик маркази махсус Telegram-ботни ишга тушириб, фуқароларга уларнинг шахсий маълумотлари тарқалиб кетгани ёки йўқлигини текшириш имкониятини яратди. Агар сиз ҳам логин-пароллари ўғирланган 200 минг кишидан бири бўлсангиз, биринчи навбатда паролни ўзгартиришингиз, кейин компютер ёки смартфондан вирусли дастурни ўчириб ташлашингиз, шундан сўнг паролни яна бир марта ўзгартиришингиз керак.

Бундай вируслардан сақланиш учун эса интернетдан жўнатилган турли шубҳали ҳаволалар ва файлларни очмаслик, ишончсиз манбалардан олинган дастурларни ўрнатмаслик тавсия этилади. Шунингдек, мураккаб пароллардан фойдаланиш, битта паролни бир нечта ресурс учун ишлатмаслик, икки босқичли аутентификация функцияларини ёқиб қўйиш, лицензион дастурий маҳсулотлардан фойдаланиш керак. Шу билан бирга, бепул VPN сервислар ҳам сизнинг шахсий маълумотларингизни ўғирлаши мумкинлигини ёдда тутиш лозим.