Ўзбекистон | 10:15 / 25.10.2023
9631
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда дипфейклар учун жиноий жавобгарлик кучайтирилади

Кибермаконда шахсларнинг фотосурати, овози ва бошқа биометрик маълумотларини махсус дастурлар ёрдамида сохталаштириш ҳолатлари учун жавобгарлик чораларини кучайтириш мақсадида Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Фото: Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати

24 октябр куни Сенат Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Қўмита мажлисида Сенат навбатдаги ялпи мажлиси кун тартиби доирасида кўриб чиқиладиган масалалар муҳокама қилинди.

Сенаторлар томонидан “Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Кейинги пайтларда интернетдан фойдаланган ҳолда бир қатор шахсларнинг мобил қурилмаларини ҳамда ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардаги аккаунт ёки каналларини зарарли дастур юбориш йўли билан блоклаб (тўсиб) қўйиш, маълумотларини ўчириб юбориш, ўзгартириш ёки олиб қўйиш билан қўрқитиб, пул ёки бошқа моддий манфаатдорлик талаб қилиш ҳолатлари рўй бермоқда.

Кибермаконда шахсларнинг фотосурати, овози ва бошқа биометрик маълумотларини махсус дастурлар ёрдамида сохталаштириш ҳолатлари ҳам  учраб турибди.

Содир этилган бундай ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини кучайтириш мақсадида Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шу билан бирга, крипто-активларни ноқонуний айланмаси, хусусан ноқонуний майнинг фаолияти учун Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

Сенаторлар қонун қабул қилингандан сўнг Ички ишлар вазирлиги масъуллари жойларда аҳоли, жамоатчилик учун тарғибот тадбирларини кучайтириши лозимлигига эътибор қаратди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид