Вазиятни мажбурий меҳнат деб талқин қилиш ўринсиз – Тошкент вилоят ҳокимлиги вилоят ССБ бошлиғи билан боғлиқ ҳолатга изоҳ берди
Ҳокимликка кўра, вилоят ССБ бошлиғи Улуғбек Абдуғаниевнинг тиббиёт ходимларига барглар ва “мусор”ларни тозалаш ҳақидаги топшириғи Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг вилоятда умумхалқ ҳашари ўтказиш тўғрисидаги қарори ортидан берилган.
Telegramʼда Тошкент вилояти ССБ бошлиғи Улуғбек Абдуғаниев эканлиги айтилган аудио тарқалди. Унда вилоятда икки кунлик ҳашар эълон қилингани, шу муносабат билан ҳашарда барча тиббиёт ходимлари қатнашиши шартлиги айтилади. ССБ бошлиғи ҳар бир тиббиёт муассасаси ҳудудида ходимлар билан ҳашар ташкил қилиб, барглар ва “мусор”ларни тозалаш бўйича топшириқ берган.
Улуғбек Абдуғаниев Kun.uz билан суҳбатда аудио ҳақиқийлигини тасдиқлади.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳолатга изоҳ берди. Ҳокимлик расмий муносабатида ҳашарга жалб қилиш мажбурий меҳнат эмаслиги таъкидланади.
“Материалда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бошлиғи Улуғбек Абдуғаниев ходимларни ҳашарга жалб этиш орқали мажбурий меҳнатга йўл қўйгани айтилади.
Таъкидлаймизки, бошқарма бошлиғи бу ўринда тизим ишчи-ходимларини ўзлари меҳнат қилаётган муассаса ободончилиги йўлида ҳашарга чиқишга даъват қилган. Бу – мажбурий меҳнат эмас. Улуғбек Абдуғаниев ўзи изоҳ берганидек, ходимлар ички жамоавий ишларда қатнашиши ҳақидаги меъёр жамоа шартномасида кўрсатилган.
Масаланинг тарихи қуйидагича: жорий йил 18-октябр куни Тошкент вилояти маҳалла фаоллари, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар вакилларининг вилоят аҳлига мурожаати эълон қилинди.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев шу асосда вилоятда умумхалқ ҳашари ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди ва аҳолига видеомурожаат йўллади. Зойир Мирзаев умумхалқ ҳашарини ўтказишга оид видео чиқишида ижтимоий соҳа ташкилотларининг ишчи-ходимлари ўзи меҳнат қилаётган бино ён-атрофларини ободонлаштириш, кўчат экиш ишларида фаол қатнашиши лозимлигини таъкидлаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, бу ҳолатда Тошкент вилояти ССБ бошлиғи Улуғбек Абдуғаниев ўзбекона қадриятларга ҳурмат, она табиатга эътибор нуқтаи назаридан ходимларни ҳашарда фаол қатнашишга чақирган. Бу вазиятни мажбурий меҳнат деб талқин қилиш ўринсиз, деб ҳисоблаймиз”, дейилади расмий муносабатда.
Мавзуга оид
22:14 / 05.11.2024
Тошкент вилоятида ИИВнинг ўқ отиш полигони қурилади
08:30 / 04.11.2024
ДХХ Тошкент вилоятида гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмасига чек қўйди
13:41 / 02.11.2024
Тошкент вилоятида болалар учун берилган озиқ-овқатни боғчадан олиб кетаётган мудира ушланди
12:10 / 29.10.2024