Адвокат Жаҳонгир Муталипов, Саидали Мухторалиев ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов Kun.uz’га берган интервюсида янги таҳрирдаги “Адвокатнинг касб этикаси қоидалари” лойиҳасининг конституцияга зид жиҳатларини санаб ўтди.
Маълумот учун, Адвокатлар палатаси муаллифи бўлган Адвокатларнинг касб этикаси қоидаларида “амалдорларни муҳокама қилмаслик ва фуқароларда ислоҳотларга ишончсизлик уйғотмаслик” талабини қўйиш кўзда тутилмоқда.
Саидали Мухторалиев:
— Адвокат сифатида шахсан менга бу лойиҳа жуда оғир таъсир қилди. Лойиҳанинг 55-бандида кўтарилаётган масала шуки: адвокат давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятини ижтимоий тармоқларда муҳокама қилишга ҳақли эмас экан. Кўряпсиз, таклиф жуда кўп муҳокама қилинди ва палата унга расмий баёнот ҳам берди.
Биздаги асосий фикр шуки, бу лойиҳа адвокатларнинг сўз эркинлигини мутлақ чеклайди. Ўзи адвокатларнинг фаолияти гапириш, изоҳлаш ва муҳокамадан иборат. Бу нарса адвокатуранинг оёғига болта уриш деб қабул қиламиз.
Жаҳонгир Муталипов:

— Биласиз, бир неча йилдан буён адвокатларнинг ижтимоий тармоқларда фаоллиги ортиши билан одамларда уларга нисбатан ишонч ортди, обрўси бир қадар кўтарилди. Хўш, лойиҳа тасдиқдан ўтиб кетса нима бўлади?
Дейлик, адвокат ўз мижози билан кўришолмагани ва бунинг қонунга зид экани ҳақида ижтимоий тармоқларда ўз фикрини ёзди. Ўша ёзгани таклиф қилинаётган лойиҳа бўйича ўз-ўзидан жазони ижро этувчи муассасани (ЖИМ) обрўсизлантирган ҳисобланади.
Адвокат исталган қонун ҳужжатидаги хатоларни, камчиликларни тармоқда муҳокама қилиши керак. Ижтимоий тармоққа чиқмаса, ишлар битмаяпти. Шунақа «касал» бўлиб қолди жамият.
Саидали Мухторалиев:
— Янги лойиҳадаги бир бандни ўқиб бераман. Хулосани сиз чиқарасиз. Эски таҳрирнинг 63-бандида шундай қоида бор: «Адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва ушбу қоидалар талаблари бузилса, бироқ кам аҳамиятли бўлгани сабабли адвокатнинг шаъни, қадр-қимматига доғ туширмайдиган, адвокатура обрўсини тўкмайдиган ҳамда ишонч билдирувчи шахсга зарар келтирмайдиган ҳолатлар бўлса, адвокатга интизомий жазо қўлланмайди» дейилган. Янги таҳрирда бу чиқариб ташланмоқда, дейиляпти ва асословчи қисмда айтяпти: «Адвокат содир этган қилмиши катта ёки кичиклигидан қатъи назар белгиланган жавобгарликка тортилиши лозим», дейилмоқда.
















