Жаҳон | 08:31 / 02.11.2023
6126
2 дақиқада ўқилади

Россияда «Вагнер» ХҲК учун аскарларни ёллаш қайта бошланди

Россияда минтақавий ОАВнинг ёзишича, жанговар тажрибага эга россияликлар Перм ва Новосибирскда «Вагнер» ХҲКнинг маҳаллий бўлимларига жалб қилинмоқда. Баъзи маълумотларга кўра, ХҲКга раҳбарлик Евгений Пригожиннинг ўғли - Павелга ўтди.

Фото: Reuters

Россияда «Вагнер» ХҲКга аскарларни ёллаш қайта бошланди. Жанговар тажрибага эга бўлган россияликларга Перм ва Новосибирскда ХҲК бўлимларига таклиф қилинаётгани ҳақида, жумладан, минтақавий ОАВ - 59.ru ва Ngs.ru хабар берди

59.ru нашри, хусусан, «Вагнер» ХҲК бошқаруви компания асосчисининг ўғли Павел Пригожинга ўтгани ва у бўлинма сифатида Россия гвардияси таркибига кирганини ёзади. Нашрга исмини ошкор этмаган манбанинг айтишича, қабул қилинганларга хизмат қилиш жойига қараб 80 мингдан 240 минг рублгача маош таклиф қилинмоқда. Минимал шартнома муддати - олти ой. 

Новосибирскдаги Ngs.ru нашри «Вагнер» ХҲК маҳаллий идорасидаги манбага таяниб, 1 ноябр куни қабул қилиш «икки-уч кундан бери» давом этаётгани ва «улар жиноий иш билан боғлиқ ёки касал одамларни ҳали қабул қилмаётганини» ёзди.

Жанговар тажрибаси бўлмаган, ОИВ ва гепатит билан касалланган кишилар жалб қилиняпти

«Важные истории» нашри 27 октябр куни «Вагнер» ХҲКга қабул қилиш қайта бошлангани ҳақида ёзган. ХҲК ёлланма аскарларининг қариндошлари чатларида ва гуруҳга алоқадор Telegram-каналларида ишга олиш ҳақидаги эълонлар пайдо бўлди, бироқ бирмунча вақт ўтгач, у ўчириб ташланди. Шу муносабат билан Telegram’даги «Вагнер» ХҲК гуруҳи маъмури «Важные истории»га «Ишга қабул қилиш бўйича постга тушунтиришлар берилишини» айтди. 

«Важные истории»га кўра, гуруҳ Украинада илгари жанг қилмаганларни, шунингдек, армияда хизматда бўлмаганларни, шу жумладан ОИВ ва гепатит билан касалланганларни жалб қиляпти. Оёқ-қўллари кесиб ташланган одамларнинг номзодлари ҳам «индивидуал тартибда» кўриб чиқиляпти.

Мавзуга оид