11:42 / 13.11.2023
3511

Латвия президенти Украинага қурол етказиб беришни давом эттиришга чақирди

Агар биз Украинада Россияни тўхтатсак, Москва бошқа давлатларга қарши чиқа олмайди, деди Эдгарс Ринкевичс. Латвия президенти Россиянинг Украина энергетика инфратузилмасига янги ҳужумлари юз бериши мумкинлигини истисно этмади.

Фото: EPA

Латвия президенти Эдгарс Ринкевичс Украинага кейинги ҳарбий ёрдам зарурлигига шубҳа қилаётган давлатларни украиналиклар мағлуб бўлмаслиги ва Россия келажакда бошқа давлатларга таҳдид солмаслиги учун Киевни қурол-яроғ билан таъминлашни давом эттиришга чақирди. «Халқаро тинчлик ва Европада тинчлик учун курашиш ҳақиқатдан ҳам муҳим, чунки агар биз Украинада Россияни тўхтатсак, Россия бошқа давлатларга қарши чиқа олмайди», деди у 12 ноябр, якшанба куни чоп этилган Associated Press агентлигига берган интервюсида

Латвия раҳбарининг сўзларига кўра, Украина армияси «жуда жасорат билан» жанг қилмоқда ва Ғарб президент Володимир Зеленскийнинг кўпроқ қурол-яроғ бериш ҳақидаги чақириғига «керак бўлган даражада қурол тақдим этмагани учун» реакция билдиришга мажбур. 

Украинани қўллаб-қувватлаш муҳим

Шу билан бирга, Ғарб Украинани ҳам, Исроилни ҳам «қадриятлар» ва халқаро тартибга қарши ҳужумларга қарши курашда қўллаб-қувватлаши муҳим, деди Ринкевичс. У Фаластин тинч аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун Ғазо секторидаги жангларда гуманитар паузага эришиш зарурлигини таъкидлади.

«Иккала ҳолатга ҳам тенг муносабатда бўлиш» НАТОнинг хавфсизлик манфаатларига жавоб беради, дейди у. «Ишонаманки, агар Украина муваффақият қозонса, Европада тинчликни сақлаб қолиш биз учун осонроқ бўлади», — дея қўшимча қилди Латвия президенти. 

Россия Украинада узоқ давом этадиган урушни режалаштирмоқда 

Ринкевичснинг таъкидлашича, Россия ҳозирда иқтисодиёти, ресурслари ва ҳарбий техникасини «жуда узоқ давом этадиган уруш учун» сафарбар қилмоқда. У урушда тезда ғалаба қозонишга ҳаракат қилди, лекин буни уддалай олмаслигини тушунди ва энди Москва Украинани «бўғмоқчи», деди у ҳамда келгуси ойларда Украина энергетика инфратузилмасига такрорий ҳужумлар содир этилишини тахмин қилди. 

Латвия раҳбари, шунингдек, Европа Иттифоқи ва НАТОни Россия ва Украина ўртасида узоқ давом этадиган урушга тайёргарлик кўришга чақирди. «Европа Иттифоқи бизга кўпроқ мудофаа ва қуролли кучлар кераклигини тушунди. Ва бу босқичда мен жараён бироз тезроқ бўлишини истардим. Лекин шунга қарамай, ҳозир бу ишлар ниҳоят олға силжимоқда», - деди у. 

Top