
Ғарбий Мексикадаги йирик-йирик ўрмонлар америкаликларнинг тўймас иштаҳаси сабаб яксон қилиняпти, деб ёзади The New York Times. Олтин қазиб олиш, палма ва чорвачилик сабаб Aмазон ва Борнео ўрмонлари қандай қисқарган бўлса, бу тақдир Мексика ўрмонларида ҳам такрорланди.
Мексика ёмғир ўрмонларига ҳужум
Катта машиналар ўзлари билан қуролланган одамларни ташиб келиб, уларни туманлар қоплаган тоғнинг тепасига олиб чиқди. Бироздан кейин улар кетган жойдан олов кўрина бошлади ва у бутун ўрмон бўйлаб осмонўпар дарахтларни секин-аста қамраб олди. Олов ўрмонни кулга айлантиргандан кейин, машиналар изига қайтиб кетди. Бир пайтлар қўзиқоринлар ўсган ерларда энди авокадо кўчатлари ўса бошлади.

Бу Ғарбий Мексика ўрмонларида қотилликнинг бошланиши эди. Энди жиноий тўдалар ерни ўзлаштириши, маҳаллий расмийларни сотиб олиши эвазига ўрмонлар ўрнини авокадо боғлари эгаллаши тобора кўпайиб боряпти. Ҳатто баъзан эгаларидан хусусий ерларни ноқонуний тортиб олиш ҳам учрайди.

АҚШга авокадо импортининг бошланиши
АҚШ Мексикадан авокадо импорт қилишни қарийб 40 йил олдин бошлаган. Шундан бери авокадо истеъмоли кескин ошган. Бунга турли маркетинг компанияларининг авокадонинг юракка фойдаси ҳақидаги рекламалари, авокадо тости, Калифорния роллари каби таомларга йил давомида ошаётган талаб сабаб бўлмоқда. Aмерикаликлар ҳозир 20 йил олдингидан 3 баробар кўп авокадо истеъмол қиляпти. Мевани саноат даражасида экспорт учун ўстириш 1990-йилларга бориб тақалади.

Талабни қондириш жанубий чегарага қимматга тушяпти. Инсон ҳуқуқлари ва экофаоллар фикрича, ўрмонлар кесилиши, авокадо дарахтларини суғориш учун сувли ҳудудларнинг йўқотилишини фойда орттиришни мақсад қилган жиноий тўдалар қўллаб-қувватлаяпти.







