2 январга ўтар кечаси, соат тунги 3:26 да Instagram'даги “Bek makhmudov” профили эгаси Mercedes-Benz русумли автомобилни Наманган шаҳри кўчаси бўйлаб бошқариб, буни саҳифасида жонли ёритиб борди. Жонли эфир Kun.uz томонидан ёзиб олинди. У автомобилни бошқариб бораркан, қаторасига бир нечта йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузгани кўринади.
Гарчи юзини шарф билан ўраб олган бўлса-да, бу шахс “Bek makhmudov” профилида аввал жойланган фото ва видеолардаги шахснинг айнан ўзи эканини билиш мумкин.
1-қоидабузарлик: Ҳаракат давомида у автомобил тезлигини бир неча марта 100 км/соатдан оширади. 2023 йил 3 апрелдан буён бошқа вилоят, туман ва шаҳарлар марказлари каби Наманган шаҳрида ҳам чекланган ҳаракат тезлиги 60 км/соат этиб белгиланган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128 прим 3-моддаси 3- қисмига кўра, ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ортиқ катталикда ошириш 9 БҲМ, яъни 3 млн 60 минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
2-қоидабузарлик: Ҳайдовчи автомобилни бошқариб туриб, телефондан фойдаланган ҳолда ижтимоий тармоқда жонли эфирга уланади (1), кузатувчилари томонидан ёзилаётган изоҳларни ўқиб, уларга жавоб бериб боради (2) ва бошқа бир телефон аппаратида таниши билан суҳбатлашади (3).
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128 прим 1-моддасига кўра, транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларнинг телефондан фойдаланиши (бундан телефондан қулоқчинлар орқали ва қўлларни ишлатмасдан туриб сўзлашувлар олиб бориш имкониятини берадиган бошқа ускуналар орқали фойдаланиш мустасно), 3 БҲМ, яъни 1 млн 20 минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
3-қоидабузарлик: Йўл ўртасида хавфли бурилиш қилиб, қизил чироқда ҳаракатланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128 прим 4-моддасига кўра, светофорнинг тақиқловчи сигналига бўйсунмасдан ўтиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари, яъни 680 минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.















