Журналистлар ва мухлислар учун футбол каби қизиқ нарса нима? Албатта, Жозе Моуринионинг матбуот анжуманлари, шундай эмасми? Табиийки, у ерда баъзида нотўғри гаплар, mind games ҳам бўлади, демак, агар у интервюга розилик берса, ажойиб воқеа. Агар суҳбатдош унинг собиқ шогирди бўлса, байрам.

«Челси»нинг собиқ футболчиси Жон Оби Микел The Obi One Podcast лойиҳасига қўл урди ва Жозе Моуриниони таклиф этди. Қуйида суҳбатнинг эътиборга молик қисмлари ҳавола этилади.

Моуринио подкастларда кўп қатнашмайди. Нега айнан Жонга розилик берди?

— Чунки у – ўзимнинг болакайим. Ўзимизнинг йигитлардан ким чақирса, албатта қатнашган бўлардим, Жон биринчи бўлди. Эсимда, раҳбариятга машғулотларга энергия олиб кирадиган ёш футболчи олиб беришни сўрагандим. Норвегияда тўп сураётган африкалик йигитчани тавсия қилишди. «У бақувватми?» деб сўрадим. Тасдиқлашди. Мен шунчаки кучли ўсмирни кўраман деб ўйлагандим, йўқ биринчи кўрганимдаёқ унинг ўзига хослигини англаб етдим. Афсуски, Жонни сэр Алекс ҳам кўриб қолганди ва футболчи учун ҳақиқий жангни ютиб чиқишимизга тўғри келди. «Челси» ва Жоннинг ўзининг бахтига, биз бу курашда ғолиб чиқдик.

Аср бошларидаги «Челси» ҳақида

— Нега ўша «Челси» яхши эди? Чунки клубда Роман Абрамович бор эди. Пулнинг аҳамияти катта. «Челси» мисолида буни пайқаш қийин эмасди. Ҳозир буни «Манчестер Сити»да ҳам кўриб турибмиз. «Челси» аввалгидек бўлмаса-да, ҳозир ҳам топ-клуб сифатида эътироф этишим мумкин.

Энг яхшилар бизда эди. Яхши мураббий, яхши ўйинчилар. Спорт директори Питер Кенон билан ҳар қандай футболчини танлашимиз мумкин эди. Фақат майдондаги муваффақиятлари эмас, унинг характери, менталитети, жамоага қай даражада қўшилиб кета олишигача аҳамият берардик.

Машғулотлар ҳақиқий ўйиндек кечарди. Ҳар бир футболчи машғулотларни мураббий олдида ўзини кўрсатиш, асосий таркибга лойиқлигини намойиш қилиш имконияти сифатида қарарди. Мен бемалол Террининг олдига бориб, ёмон ўйнаётгани, янги ҳимоячи сотиб олишим мумкинлигини айтардим, у эса дарҳол қизишиб, машғулотларга зўр берарди.

Ҳозир ҳаммаси бошқача. Кўп мураббийларнинг эътироф этишича, асосий муаммо сифатида футболчиларнинг менталитети бўлиб қолмоқда. Ҳозиргилар учун машғулотлар бу шунчаки машғулот, ундан ортиқ эмас. Агар бугунги авлодга ўша пайтдаги муносабатимни қилсам, умуман майдонга чиқа олишмасди ҳам. У пайтларда танаффусда жанжал кўтарардим, ҳатто массаж столлари уёқдан буёққа учарди. Билардимки, бу ўз таъсирини кўрсатади, ҳозир шогирдларим иккинчи бўлимга ғалаба учун одам ўлдиришга ҳам тайёр ҳолатда чиқишади.