Наманганда «эркатой» қоидабузарга чора кўрилди
Собиқ амалдорнинг ўғли экани тахмин қилинаётган ҳайдовчи 2024 йил 1 январ куни тунда Mercedes-Benz автомобилини бошқариб 6 та қоидабузарлик содир этган ва уни Instagram'даги саҳифасида жонли ёритиб борганди. Машина жарима майдончасига жойлаштирилди.
2024 йил 2 январ куни Kun.uz’да Наманган вилояти ҳокимлиги собиқ амалдорининг ўғли экани тахмин қилинаётган йигит машина бошқаришда қоидаларни кетма-кет бузгани ва жараёни Instagram'даги саҳифасида жонли ёритиб боргани ҳақида хабар қилинганди.
«Ҳеч ким йўқ, сиз хоҳлаганингизча тезлашишингиз мумкин, ҳа, шундай», — деганди у видеода.
ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар беришича, қоидабузар ҳайдовчи ушланган. Унга нисбатан чора кўрилиб, Mercedes-Benz машинаси жарима майдонига жойлаштирилган.
Хабарда айтилишича, 2023 йил 1 январ куни Наманган шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида давлат рақами 01 S 651 ZB бўлган Mercedes-Benz машинаси ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, тезликни меъёрдан ошириб, ўзи ва ўзгалар ҳаётига хавф туғдирувчи ҳаракатлар содир этган.
2000 йилда туғилган ушбу ҳайдовчи ҳаракатланиш давомида йўл ҳаракати қоидаларининг олтита бандини бузган.
Жумладан:
- машина ойналарининг туси ноқонуний ўзгартирилган (БҲМнинг 25 баробари миқдорида жарима);
- ҳаракат давомида телефондан фойдаланган (БҲМнинг 3 баробари миқдорида жарима;
- светофорнинг қизил чироғидан ўтган (БҲМнинг 2 баробари миқдорида жарима);
- авария ҳолатини келтириб чиқарган (БҲМнинг 10 баробари миқдорида жарима);
- автомобилнинг давлат рақамини ўзбошимчалик билан ечиб олиб ҳаракатланган (БҲМнинг 5 баробари миқдорида жарима);
- тегишли ҳужжатларсиз машина бошқарган (БҲМнинг 5 баробари миқдорида жарима).
Қайд этилишича, ҳайдовчига содир этган қоидабузарликлари учун маъмурий баённомалар тузилган. Mercedes-Benz жарима майдонига жойлаштирилган.
«Бу мен учун ҳам, атрофимдагилар учун ҳам жуда хавфли экан. Мен ўзим учун етарли хулосалар чиқардим. Ўзбекистон халқидан ва Наманган халқидан алоҳида узр сўрайман. Бу бошқа такрорланмайди. Худо хоҳласа, бундан буён бундай ҳуқуқбузарликлар бўлмайди», — деди у.
Мавзуга оид
10:06 / 24.11.2024
Ҳалоллик мукофоти: йўлдан топилган 5 минг долларни эгасига қайтарган ҳайдовчи ҳақида ҳикоя
16:39 / 15.11.2024
Наманган вилоят суди раиси ўринбосарининг қилмиши яширилмоқда: ёпиғлик қозон ёпиғлигича қоладими?
12:19 / 07.10.2024
Наманганда ўзганинг фотосуратларини интернетда тарқатишини айтиб пул талаб қилган шахс ушланди
18:33 / 02.10.2024