Ҳаво ифлосланиши – анчадан бери актуал муаммо. Лекин сўнгги вақтларда Тошкентда ёғингарчилик бўлмаса, саломатлиги заиф ёки соғлиғини ўйлаган одамнинг ниқобсиз юриши қийин бўлиб қолди. Ифлосланиш даражасини метеостанциялар қайд этаётган объектив рақамлар ҳам тасдиқлаб турибди. Айнан шулар асосида Ўзбекистон пойтахти тез-тез дунёда ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рейтингида энг юқори ўринларга чиқиб қоляпти.
Шундай вазиятда Экология вазирлигининг ойлар давомида сукут сақлаб келаётгани ажабланарли. Вазирлик ҳеч бўлмаса бундай шароитда қилиниши керак бўлган элементар чора – аҳоли учун зарур тавсиялар бериб боришни ҳам ўзига эп кўрмади.
Kun.uz бир неча марта вазирликдан ҳаво ифлосланиши бўйича саволларига жавоб бероладиган мутахассис ажратиб беришини сўраганди, аммо жавоб бўлмагач, ташкилотнинг ўзига мухбир жўнатишга мажбур бўлди.
Экология вазирлиги матбуот хизмати ходими Низомиддин Исломовнинг мухбиримизга айтишича, пойтахт атмосферасининг ифлосланиши муаммоси ўрганиляпти, бу бўйича алоҳида гуруҳ тузилган. “Улар вазият долзарб ва мураккаб эканини айтишган”, – деди у.
Расмий вакил 12 январ куни вазирлик расмийлари ОАВ билан юзма-юз учрашиб, саволларига жавоб беришини ваъда қилди.
Анжуманнинг аниқ вақти ва жойи ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда. Оқшом соат 20:00 дан ошди ҳамки, вазирлик бу ҳақда ўз ресурсларида эълон жойлаштирганича йўқ.














