Ўзбекистон | 09:26 / 13.01.2024
25187
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Пенза областидаги ЙТҲда ҳалок бўлганларнинг жасади Ўзбекистонга олиб келинди

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида жароҳатланган яна 1 киши Пенза шаҳридаги шифохонада вафот этган. 8 кишининг жасадини олиб келган Мудофаа вазирлигининг махсус самолёти бугун тонгда “Урганч” халқаро аэропортига қўнди.

Фото: ФВВ

Россиянинг Пенза областидаги ЙТҲда ҳалок бўлганларнинг жасади Мудофаа вазирлигининг махсус самолётида Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, президент топшириғига асосан Ҳукумат фармойиши билан ташкил этилган ишчи гуруҳ 12 январ куни Пенза областига етиб бориб, Россия Федерациясининг масъул идоралари раҳбарлари билан учрашган ҳамда ҳамкорлик асосида ташкилий ва амалий ҳаракатлар олиб борилган. Шундан сўнг махсус борт Россия Федерациясидан учиб, 13 январ куни соат 6:50 ларда “Урганч” халқаро аэропортга келиб қўнган.

Жароҳатланган фуқароларнинг 1 нафари 12 январ куни тонгги вақтда Пенза шаҳридаги шифохонада шифокорларнинг муолажаларига қарамасдан вафот этган.

Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари ҳамкорлигида вафот этган фуқароларнинг жасадлари яшаш манзилларига юборилган. Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар томонидан дафн маросимларини ўтказиш юзасидан тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Қўшимча қилинишича, жароҳатланган яна 1 нафар фуқаро Пенза шаҳридаги касалхонада, даволаниш ишлари якунига етгандан сўнг Ўзбекистонга қайтарилади.

Эслатиб ўтамиз, 11 январга ўтар кечаси Россиянинг Пенза области Нижнеломовск районида Volvo русумли юк машинаси ҳамда минивэн ўртасида ЙТҲ содир бўлиши оқибатида 7 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлганди. Воқеадан сўнг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ЙТҲда ҳалок бўлганларнинг жасадларини олиб келиш бўйича тегишли идораларга топшириқ берганди.
Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид