Ўзбекистон | 18:20 / 20.01.2024
11299
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёдаги мактаб-интернатда 32 нафар ўқувчи заҳарланган бўлиши мумкин

Уларда кўнгил айниши, ошқозон ва қоринда оғриқлар кузатилган. Шундан сўнг, туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган.

Фото: Kun.uz

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатида 18 январдан 19 январга ўтар кечаси ётоқхонада яшовчи 120 нафар ўқувчидан 32 нафаринда кўнгил айниши, ошқозонда ва қоринда оғриқ кузатилган. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган маълумотни шанба куни Ўзбекистон Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тасдиқлади.

Ҳолат бўйича мактаб-интернат ҳамшираси биринчи ёрдам кўрсатган, қўшимча ёрдам учун тез ёрдам ходимларининг кўрсатмасига кўра туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Маълумот ўрнида мактаб-интернат ошхонасида аутсорсинг асосида «Азизбек Омад учқуни» МЧЖ фаолият олиб боради.

2024 йилнинг 19 январ куни Сариосиё туман Санитария ва эпидималогия осойишталик маркази томонидан мактаб-интернат ошхонасининг санитария ҳолати тўлиқ ўрганилиб, 18 январ куни ўқувчиларга берилган нонушта, тушлик ва кечки овқат намуналари таҳлил учун олинди.

«Ҳозирда барча ўқувчиларнинг соғлиги яхши, дарс жараёнларда фаол иштирок этишмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаймизки, вазият ИИБ, СEС ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан назоратга олинган», — дейилади агентлик хабарида.

Мактаб-интернатида 402 нафар ўқувчига 37 нафар ўқитувчи, 8 нафар тарбиячи таълим-тарбия бериб келади.

  • Маълумот учун, мактаб-интернатни иссиқ овқат билан таъминлаш ишларини аутсорсинг асосида Термиз шаҳрида жойлашган «Азизбек Омад учқуни» хусусий корхонаси олиб боради
  • Ушбу корхона 2023 йил 22 февралда ўтказилган тендерда ғолиб чиққан ва 30 ой мобайнида мазкур ихтисослаштирилган мактаб-интернатни 684,3 млн сўмлик озиқ-овқат билан таъминлашни ўз гарданига олган.

Мавзуга оид