Киевда норозилик акцияси
Киевда шаҳар маъмурияти биноси олдида ҳарбийларни қўллаб-қувватлаш, Украина қуролли кучлари эҳтиёжлари учун молиялаштиришни ошириш ҳамда бюджет харажатлари шаффофлигини таъминлаш талаблари билан коррупцияга қарши янги акция бўлиб ўтди. Бундан ташқари, бу сафар талабларга шаҳарни янада инклюзив қилиб, яраланган ва ногиронлиги бор ҳарбий фахрийлар учун қулай муҳит яратиш бўйича чақириқлар ҳам қўшилган.
Шаҳар маъмурияти биноси олдида бу каби акция ўтказилиши одат тусини олмоқда, охиргиси уч ойга яқин вақт олдин бўлиб ўтганди. Акция ташкилотчиларидан бири Мирослав Гавришчук «Суспилне» нашрига айтишича, Киевда ҳозирда бюджет харажатларининг атиги бир фоизига яқини ҳарбийларни қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилади, ҳолбуки Украинанинг бошқа шаҳарларида бу кўрсаткич анча юқорироқ. «2023 йилги таҳлилларга кўра, Киевда бюджет профицити кузатилган, бу эса қўшимча маблағлар ҳам мавжудлигини англатади», — деган Гавришчук. Унинг сўзларига кўра, ўтган йил давомида ўтказилган бу каби акциялар қисман натижа берган — шаҳар ҳокимияти ҳарбийларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 3,3 миллиард гривна (880 минг доллар атрофида) ажратган.

Vlada Liberova / Libkos / Getty Images
Донбассга жўнаб кетишга тайёрланаётган ҳарбийлар
Яқинда CNN нашрида чиққан мақоласида Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужний Украина шахсий таркибни тўлдиришда қийинчиликларга дуч келаётгани, РФ ҚК эса инсон ресурсларида катта устунликка эришаётганини тан олганди. Украина қуролли кучлари йўқотишларга учрашда давом этмоқда, шу билан бирга Украина ҚК ҳарбий хизматчиларининг ўртача ёши ортиб бормоқда — The Sunday Times баҳоларига кўра, ҳозирда бу 43 ёшни ташкил этади. Ҳукумат бу муаммони ҳал этиш учун сафарбарлик учун қуйи ёш чегарасини 27 дан 25 га туширишни таклиф қилмоқда — ҳозирда бундан ёшроқ йигитларни фақат уларнинг розилиги билан жангга юбориш мумкин. Володимир Зеленский яқин вақтлар ичида қўшимча 450–500 минг кишини сафарбар қилиш режалари ҳақида гапирган, аммо бу масалада якуний қарор ҳали қабул қилинмаган.

Moktar Hamdi / Sipa / Scanpix / LETA



























