Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, бу ҳақда 2023 йил 22 декабр куни Халқ депутатлари вилоят кенгашининг қарори қабул қилинган.
Қарор билан Термиз шаҳрида йирик ҳажмли ва оғир вазнли (юк кўтариш қобилияти 8 тоннадан юқори бўлган) транспорт воситаларининг ҳаракати чекланган.
“Бунда, ҳаракатланиш алоҳида ҳолларда Термиз шаҳар ҳокимлиги, “Сурхондарёавтойўл” ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти ва вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан ўзаро тасдиқланган келишув (схема) орқали амалга оширилиши белгиланди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Термиз шаҳри юк кўтариш ҳажми 8 тоннадан ошадиган машиналар ҳаракатланиши тўлиқ чекланган биринчи шаҳар бўлди. Ўзбекистондаги бошқа йирик шаҳарларда фақат айрим кўчалардагина юк кўтариш ҳажми 8 тоннадан ошадиган машиналар ҳаракати чекланган холос.











