11:54 / 06.05.2024
3270

Россия Украина ИИВ собиқ раҳбари Аваковни қидирувга берди

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг картотекасида Украина собиқ ички ишлар вазири қайси модда билан қидирилаётганига аниқлик киритилмаган. Тергов қўмитаси Аваковга 2018 йилда бўлиб ўтган Россия президенти сайловларида Россия фуқароларининг овоз беришига тўсқинлик қилгани учун иш очган.

Арсен Аваков Фото: picture-alliance/NurPhoto/D. Shamkin

Россия Ички ишлар вазирлиги Украина собиқ ички ишлар вазири Арсен Аваковни қидирувга берди. Бу ҳақда 6 май, душанба куни маҳкама маълумотлар базасида айтилган. Карточкага кўра, Ички ишлар вазирлиги 1964 йил 2 январда Боку шаҳрида туғилган, миллати арман бўлган Аваков Арсен Борисовични қидирмоқда. Шу билан бирга, маълумотлар базасида аввалроқ Росфинмониторинг томонидан «террорчилар» ва «экстремистлар» рўйхатига киритилган Аваков Жиноят кодексининг қайси моддаси бўйича қидирувга берилгани аниқлаштирилмаган. 

Бундан олдин Россия Тергов қўмитаси Аваковга нисбатан 2018 йилги Россия президенти сайловларида фуқароларнинг овоз беришига тўсқинлик қилгани учун жиноий иш қўзғатган эди. Тергов маълумотларига кўра, Аваков бир гуруҳ шахслар билан тил бириктириб, вазирлик ходимларига Россиянинг Киев, Лвив, Одесса ва Харкивдаги дипломатик муассасаларида сайлов участкаларига россияликларнинг киришига йўл қўймаслик ҳақида кўрсатма берган.

Арсен Аваков 2014-2021 йилларда президентлар Петро Порошенко (2014-2019) ва Володимир Зеленский даврида Украина Ички ишлар вазирлиги раҳбари лавозимида ишлаган. 2012—2014 йилларда Олий рада депутати, 2005—2010 йилларда Харкив вилояти маъмуриятини бошқарган.

Украинанинг собиқ ва ҳозирги юқори мартабали раҳбарлари қидирувга берилди

Украина собиқ ахборот сиёсати вазири, 2014—2019 йилларда ушбу лавозимда ишлаган Юрий Стец ҳам ошкор этилмаган жиноий модда бўйича қидирувга берилган. У Тергов қўмитаси аввалроқ Донбасснинг Россия назорати остидаги ҳудудида «ўқ отиш ва бошқа тахмин қилинган жиноятларда» айблаган шахслар рўйхатида пайдо бўлди.

Ўтган ҳафтада Россия Ички ишлар вазирлиги Украина олий раҳбариятининг бир қатор вакилларини ва аввалроқ мамлакатни бошқарган шахсларни қидирувга берди. Маҳкама маълумотлар базасига амалдаги давлат раҳбари Володимир Зеленский, унинг ўтмишдоши Петро Порошенко, Украина Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари Павел Климкин, Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг (МХМК) собиқ раҳбари Олексий Данилов ва Олий рада собиқ спикери Владимир Гройсман киритилди.

Халқаро жиноий суд Путинни ҳибсга олишга ордер берган 

2023 йил 17 март куни Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берди. Ўшанда қарорнинг тафсилотлари дарҳол ошкор этилди: суд Путинни ҳарбий жиноятларда, хусусан, Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга мажбуран депортация қилишда гумонламоқда. Худди шундай ҳибсга олиш ҳақидаги ордер Россия Федерацияси президенти ҳузуридаги Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Лвова-Беловага нисбатан ҳам чиқарилган. 

Москва 2022 йил 24 февралда қўшни давлатга уюштирилган ҳужумдан кейин Украинада содир этилган ҳарбий жиноятларга алоқадорлигини рад этиб келади. Россия Халқаро жиноий суднинг юрисдикциясини тан олмайди ва унинг ишида иштирок этмайди. 2016 йил ноябр ойининг ўрталаридан бошлаб Россия Федерацияси суднинг функциялари, юрисдикцияси ва тузилишини белгилайдиган Рим статутининг иштирокчиси эмас. Ўз навбатида, ХЖС ҳарбий жиноятларни тергов қилиш ва улар учун жазолаш ҳолатларида давлат раҳбарларининг дахлсизлигини тан олмайди. 

Top