Жаҳон | 16:25 / 10.05.2024
26554
2 дақиқада ўқилади

Санкт-Петербург марказида йўловчи автобус дарёга тушиб кетди

Автобусда 20 нафар йўловчи бўлган. Улардан камида уч нафари ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Санкт-Петербург шаҳри марказида ичида ўнлаб йўловчилар бўлган автобус Мойка дарёсига қулади. Ҳолат акс этган кадрлар ижтимоий тармоқларда тарқалган.

«Фонтанка» нашри гувоҳларга таяниб берган хабарга кўра, соҳил бўйлаб ҳаракатланган автобус икки автомобилга урилган, тўсиқни бузиб ўтган ва сувга тушиб кетган.

Полициядагилар автобусда 20 нафар атрофида одам бўлганини хабар қилган. Ҳозирда воқеа жойида қутқарув амалиёти давом эттирилмоқда — одамлар аввалига салондан автобус томига чиқарилмоқда, кейин эса қуруқликка олиб ўтилмоқда.

Дастлаб «112» телеграм-канали манба келтирмасдан беш киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди — кейинроқ пост таҳрирлаб қўйилди, энди у ерда фақат бир қурбон ҳақида гап кетади.

ТАСС агентлиги оператив хизматлардаги манбасига асосланиб, қурбонлар сони уч нафарни ташкил этаётгани, яна олти киши шифохонага ётқизилганини хабар қилган.

«Фонтанка» маълумотида эса, қурбонлар сони 6 нафар экани айтилган.

«Осторожно, новости» нашри гувоҳларга таяниб хабар беришича, биринчи бўлиб яқин атрофда бўлган меҳнат муҳожирлари автобус йўловчиларига ёрдам кўрсатишга ошиққан ва бир неча кишини автобусдан чиқариб олишган.

Автобус ҳайдовчиси қўлга олинган, ҳолат юзасидан жиноий иш очилган.

Мавзуга оид