Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида Туркия ва Саудия Арабистони билан иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик бўйича келгуси режалар кўриб чиқилди.
Йиғилишда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида кўриладиган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берилди.
Туркия тажрибаси асосида тоғ-адирларни ўзлаштириш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда қишлоқ хўжалигини суғурталаш тизимини жорий қилиш, халқаро стандартларга мос ўзбек-турк Уруғчилик тест марказини очиш мўлжалланган.

Икки мамлакат ўртасидаги имтиёзли савдо битими доирасида маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш, тўқимачилик, чарм-пойабзал, электротехника, ҳунармандчилик маҳсулотларига тариф ва бож ставкаларини камайтириш, Истанбул шаҳрида Ўзбекистоннинг савдо ваколатхонасини очиш режалаштирилган.
Президент Туркиянинг йирик компаниялари билан истиқболли лойиҳалар портфелини шакллантириш, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.















